Ҳомий ва саховатпешалар сафи кенгаймоқда
Саховатпешалик халқимизга хос азалий одат. Айниқса мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами муносабати билан жойларда саховат тадбирлари кенг кўламда ўтказилмоқда.
Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида байрам муносабати билан тумандаги 42 та боқувчисини йўқотган оила фарзандларининг хатна тўйи ўтказиб берилди. Тўй болаларга совға-салом улашилди. Бир пиёла чой ташкил этилиб, ажойиб концерт дастури намойиш этилди.



– Туманимизда бу каби саховат тадбирларини ўтказиш анъанага айланган, – дейди туман ҳокими Зойир Алиқулов. – Ҳар йили давлатимиз мустақиллиги кунида, шунингдек Наврўз байрамида етим, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларининг тўйи ўтказиб берилади. Таъкидлашим лозимки, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган ушбу хайрли тадбирлар бугун ўз самарасини бермоқда. Бу савобли ишга ҳисса қўшишни истаган кўплаб тадбиркорларимиз, ташкилот ва идоралар кун сайин кўпайиб бормоқда. Бобокалонларимиз айтганидай савобли ишни ҳар ким ҳар куни қилиши лозим.
Ўлмас Баротов, ЎзА