Ҳомиладор талаба-қизлар учун олий таълимда қандай имкониятлар жорий этилган?
Қонунчиликка мувофиқ, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ҳомиладор талаба-қизлар ҳамда 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланаётган талабаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар жорий этилади.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу ҳақда қуйидагиларни маълум қилди:
– Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармонига кўра, курсдан курсга қолган ёки талабалар сафидан чиқарилган шахсларга истисно тариқасида таълимни давом эттириш имконияти яратилади.
Бунда фанлар фарқини қайта ўзлаштириш талаби жорий этилади. Талабалар учун фанлар фарқини мустақил ўзлаштиришга қўшимча муддат бериш ва зарур шарт-шароитлар яратиш жорий этилади.
Шунингдек, академик таътил даврида, талабанинг хоҳишига кўра, масофавий таълим шаклида ўқишни давом эттириш имконияти яратилади. Масофавий таълим йўналишлари ва қабул кўрсаткичларини ошириш орқали қўшимча шарт-шароитлар яратиш ҳам кўзда тутилган.
Мазкур тоифадаги талабалар бўйича алоҳида статистик маълумотлар юритилади. Ушбу чора-тадбирлар таълим олиш узлуксизлигини таъминлаш ҳамда ёш оналарнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА