Наманганда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан “Соғлом ҳомиладорлик – соғлом келажак” акцияси доирасида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар бошланди.
Жумладан, Наманган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида ҳудуддаги маҳаллалардан келган ҳомиладор аёлларни Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий амалий тиббиёт маркази Наманган филиали(“Лола” марказий туғруқхона)нинг малакали акушер-гинеколог ва умумий амалиёт шифокорлари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 сентябрдаги “Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган бепул тиббий акцияда уч юздан зиёд ҳомиладор аёллар қатнашди.
2024 йилги инвестиция дастурига асосан капитал реконструкциядан чиқарилиб, замонавий қиёфа касб этган кўп тармоқли марказий поликлиника бугунги кунда Наманган шаҳридаги Байналмилал, Оби ҳаёт, Равнақ, Диёр маҳалларида истиқомат қилувчи 13 мингга яқин аҳолига кафолатланган бепул тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Поликлиника мудири Мушаррафхон Собированинг айтишича, 18 нафар патронаж ҳамширадан иборат шакллантирилган олтита тиббий бригада фаолиятида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, туғиш ёшидаги ҳамда ҳомиладор аёлларнинг саломатлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Тақдир аёл кишининг бошига турли синовларни берар экан. 41 ёшга тўлган бўлсам, ҳозирга қадар саломатлигим сабабли икки ҳомиламни йўқотишга мажбур бўлдим, – дейди Наманган шаҳридаги Сардоба маҳалласидан келган фуқаро Шаҳноза Қўчқорова. – Айни пайтда навбатдаги ҳомилам етти ойлик. Кўрик ўтказилишини эшитиб, вилоят перенатал марказидан келган олий тоифали акушер-гинеколог, Россия, Озарбайжон, Хитой каби давлатларда малакасини оширган тажрибали шифокор Фотима Қаюмовадан зарур тиббий маслаҳатларни олдим. Хайрли иш ташаббускорлардан беҳад миннатдорман.
“Соғлом ҳомиладорлик – соғлом келажак” шиори остидаги тиббий кўрик акцияси вилоятнинг барча туманларида ҳам ташкил этиш кўзда тутилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/_7oCdLdtax4" title="Homilador ayollar salomatligi doimiy e’tiborda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Оқилхон Дадабоев, ЎзА