“Ҳўкиз бурун” шаршарасини кўрганмисиз?
Саёҳат манзиллари
Аввалги мақоламизда “Ҳисор” давлат қўриқхонасининг “Қизилсув” бўлимида жойлашган ажойиботлардан бири динозавр излари ҳақида ҳикоя қилган эдик. Қўриқхона ҳудудида кишини ҳайратга соладиган гўшалар жуда кўп. Улардан бири “Ҳўкиз бурун” шаршарасидир.
Динозавр изларини томоша қилгач, йўлимизни шаршара томон бурдик. Унга ҳам Қалъайи-шерон дараси бўйлаб “Қизилсув” дарёси ёқасидан борилар экан. Қалъайи-шерон тик қоялар билан ўралган бўлиб, қоя деворларининг баландлиги 220-240 метргача етади. Даранинг пастки қисми қалин ўрмон билан қопланган. Энг аҳамиятлиси, ўрмондаги арчалар ёши бир неча асрларга тенг. Уларнинг энг катталари 700-800 йилдан буён мавжуд. Йўл машаққатларини енгиб ўтишимизда “Темир кўк” лақабли от жонимизга оро кирди.
[gallery-13600]
Қия нишабликлардан, кескин пастликлардан юрар эканман отда унча қийналмадим. Унинг ёрдамида ҳатто дарёни уч марта кечиб ўтдим. “Темир кўк” ҳали 3 ёшда. Янги туғилган пайтидаги қоп-қора ранги энди кўкиш тусга кира бошлаган. Отлар шундай бўлади. Қулунлигидаги ранги йиллар ўтиб ўзгаради. Ҳақиқий ранги ўшандан кейин маълум бўлади. От инсонга дўст, деб бежизга айтишмайди. Устида юрар экансан, қўрқаётганингни ҳис қилади. Секинлайди, йиқилиб тушмаслигинг учун тараддуд олади. “Темир кўк” билан ҳақиқий дўст бўлиб кетдик. Тоғ йўлларида юравериб, анчагина чиниққан “Темир кўк” унча-мунчага чарчамайди. Отлар қўриқхона назоратчиларининг асосий транспорти ҳисобланади. Ҳамроҳларимизнинг таъкидлашича, қўриқхонанинг “Қизилсув” бўлими майдони 31 минг гектарни ташкил этади ва уни назорат қилиш учун 14 қўриқчи хизмат қилади. Уларга 12 та от ажратилган.
– Қўриқчиларнинг иши жуда машаққатли, – дейди қўриқхонанинг “Қизилсув” бўлими бошлиғи Раҳматжон Раҳимжонов. – Ҳудудни назорат қилиш учун бир кетишда, кўч-кўронни олиб ҳафталаб кетилади. Чодир тикилади. Ўшанда дам олиниб, яна йўлда давом этилади. От билан ҳам ҳамма жойга чиқиб бўлмайди. Тушиб пиёда юрилади. Шундай тартибда табиатни асраш учун куну тун меҳнат қиламиз. “Қизилсув” дарёси суви жуда ширин. У тоғнинг юқори қисмидаги қорларнинг эриши ҳисобига пайдо бўлади. Тошдан-тошга урилиб, минераллар билан бойийди. Озгина ичсангиз ҳам чанқоқни бирдан қондиради. Қўриқхонада ҳаёт қайнайди. Ҳатто йўлимизда кутилмаган меҳмонларни хушламагандай чипор илон ҳам ўтиб қолди.
Қўриқчиларнинг айтишича, у жуда заҳарли бўлиб, агар чақса, вақтида заҳар танадан чиқариб юборилмаса, ўлимгача олиб келиши мумкин экан. Бирпас дарё бўйидаги ҳарсанг тошга ўтириб дам олдик. Отнинг хуржунига солиб олиб келган нонни дарё сувига ботириб едик. Оромбахш хаёллар сурдик. Осмон кўм-кўк ва мусаффо. Буралиб кўпик каби мавжланиб турган паға-паға булутлар бир-бирини кетидан ҳаракатланади. Дарё қирғоғида ёввойи ўсимликлар барқ ўриб ўсиб турибди. Ниначилар гулдан гулга қўниб, қувламачоқ ўйнайди. Чигирткалар чириллайди. Қушлар ўйноқи сайрайди. Манзил ҳали узоқ эди. Кун давомида ҳаракатлангани учун ҳамманинг юзида чарчоқ аломати сезила бошлаган. Арчазор бўйлаб довонлардан ошар эканмиз, тобора юқорига кўтарила бошладик. Дарё шовқини пасая бошлади. Чунки дарё анчагина пастда қолганди. Охирги довон қолди шундан сўнг шаршарага етамиз, деб айтиб қолди қўриқчилар. Юқорига кўтарилганимиз сайин арчалар қалинлашиб, сўқмоқдан юриш қийинлашди. Айниқса, арчалар орасидан отда ҳаракатланиш анчагина машаққатли экан. Тушиб отни етаклаб пиёда юрамиз. Ниҳоят тепаликдан ошгач, шаршара кўринди. Унинг салқин шабадаси юзимизга урди.
Салкам 50 метр баландликдан оқиб тушаётган сув тошдан-тошга урилиб, атрофга салқин сув зарраларини сочади. Шаршара тик қия ўртасидаги иккита тешикдан отилиб чиқади. Шу боис ҳўкиз бурнига ўхшатишади. Унинг қайси сув манбасидан оқиб чиқаётганини англаш қийин. Йиллар давомида оқиб тургани учун тошларда ўзига хос яшил манзара ҳосил қилган. Унинг сувлари остида ўзига хос ўсимлик дунёси шаклланган.
– Баҳор ойларида ушбу шаршарадан сув анча олдинга отилиб туради, – дейди қўриқхонанинг илмий ходими Бехруз Бегалиев. – Чунки айни баҳорда қор сувлари эриши кучаяди. Ёз фаслининг сўнгги ойларига келиб шаршара суви камаяди ва битта тешикдан тушмай қолади. Ҳозир айнан сувнинг камаядиган пайти. Лекин ҳар фаслда ўзгача чирой касб этади бу шаршара. Суви кўпайса ҳам бир гўзаллик, камайса ҳам. Шунинг учун сайёҳлар қадами узилмайди бу ердан.
Дарҳақиқат, шаршаранинг кишини ўзига тортувчи бир хислати бор. Бошида шунча машаққатли йўл босиб келибмиз суви ҳам камайиб қолибди, деган хаёлга бордик, аммо кейин бироз пайт унга термилиб тургач кайфиятимиз кўтарилди. Чеккан машаққатларимиз ёдимиздан чиқди. Қоянинг ўртасидан оқиб турган сув тошга тегиб парчаланади. 40 кокилини ёйиб турган келинчакдек гўё. Тошларда сув босими остида ўсиб турган митти баргли ўсимлик майин тебранади. Рости, у ердаги гўзалликни тасвирлашга қалам ожиз. Агар шаршарага олиб келувчи йўллар тўғриланиб, шарт-шароит яратилса, йилнинг исталган фаслида у ердан сайёҳлар қадами аримайди.
Қаламда тасвирлай олмаганларимизни фото кадрларга муҳрладик. Шаршаранинг ҳусну жамолига маҳлиё бўлиб, вақт ўтганини билмай қолибмиз. Соат миллари тушдан кейинги 5:30 ни кўрсатиб турарди. Кейин шу ергача салкам 3,5 соат вақт сарфлаб келганимиз ёдимизга тушди. Апил-тапил ортимизга қайтдик. Қанча шошилмайлик табиат ажойиботларини томоша қилиб тўхтаб қоламиз. Тушдан сўнг қўриқхона бошқача тусга кирган. Эрталабки хиралашган тоғ манзараси тиниқлашган. Кун бўйи арчазорларда инсон ҳидини сизиб биқиниб ётган ёввойи қуён ва тўнғизлар овқатлангани чиққан. Уларни томоша қилмай илож йўқ. Яна тўхтаймиз.
Хуллас, қош қорайгунча машинамиз турган жойга етиб кела олмадик. Кечга қолиб кетдик. Бу ёғига телефон ёруғи, камера прожекторларидан фойдаланиб келдик. Йўл албатта толиқтирди, аммо таассуротларга бой саёҳат ҳаммасини босиб кетди. Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал. Йўлингиз тушса, шаршара ва динозавр излари манзараларини бир кўриб кетинг.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА