Ҳокимликларнинг коррупцияга қарши ички назорат масалалари муҳокама қилинди
Пойтахтимизда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Чилонзор тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунининг мазмун ва моҳияти юзасидан тадбир бўлиб ўтди.
Коррупция дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан биридир. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалалари қаторидан жой олган.

Комплекс хизматининг фаолияти ва коррупцияга қарши ички назоратни кучайтириш мақсадида ташкил этилган тадбирда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, аҳоли мурожаатлари билан самарали ишлаш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш ҳамда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, иштирокчиларга Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунинг мазмун ва моҳияти батафсил тушунтириб ўтилди. Тадбир давомида коррупцияга оид ҳолатлар бўйича бир қатор ҳаётий мисоллар келтирилиб, уларнинг салбий оқибатлари атрофлича таҳлил қилинди ҳамда ходимларнинг коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатини шакллантириш, хизмат вазифаларини бажаришда қонунийлик, ҳалоллик ва холислик тамойилларига қатъий риоя этиши муҳимлиги таъкидланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА