Ҳокимликда очиқлик бош мезон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида очиқлик бўйича амалга оширилган ишлар 8 та индикатор асосида 84 та мезон бўйича баҳоланади.
Кейинги уч йил мобайнида Хоразм вилояти ҳокимлиги “Очиқлик индекси” рейтингида вилоятлар ҳокимликлари ўртасида 1-ўринни эгаллаб келмоқда.
Жорий йилда ҳам ҳокимлик мазкур рейтингда Қорақалпоғистон республикаси Вазирлар кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари ўртасида биринчи ўринни эгаллади.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ижтимоий аҳамиятга эга ахборотларни ҳокимлик веб-сайтига ҳамда очиқ маълумотлар порталига жойлаштириш бўйича қилинган ишлар муносиб эътироф этилиб, Хоразм вилояти ҳокимлиги “Очиқлик индекси” бўйича 88,4 балл тўплади ва ўтган йилга нисбатан 5,1 балл ўсишга эришилди.
– Давлат харидлари, шу жумладан, тўғридан-тўғри шартномалар, мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан келган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари, автотранспорт воситаларини сотиб олиш ва сақлаш харажатлари, бюджетдан ташқари жамғармаларнинг даромад ва харажатлари каби маълумотларни жамоатчиликка кўрсатиши шарт, – дейди Хоразм вилояти ҳокимининг матбуот котиби, ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Одилбек Адамбаев. – Бу ўз навбатида оддий фуқаролар ва оммавий ахборот воситалари давлат идораларининг пуллари қаерга сарфланаётганини кузатиш, ноқонуний харажатларни аниқлаш ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш имкониятини беради.
Қайд этиш керакки, Хоразм вилояти баробарида Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳам 88,4 балл билан рейтинг жадвалининг юқори поғонасидан жой олган.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА