Ҳокимлар биринчи ярим йилликда ўсишни таъминламаса, хулоса қаттиқ бўлиши қайд этилди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида биринчи чорак кўрсаткичларини тармоқ ва ҳудудлар кесимида танқидий таҳлил қилиш ва йилнинг қолган даврида қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Сўнгги олти ойда 908 та тадбиркор 3 миллиард 600 миллион долларлик шартнома тузиб, ҳамкорларда вазият ўзгаргани учун ҳали экспортни бошлай олмагани қайд этилди. Айрим ҳокимлар уларга ёрдам бериш ўрнига вазиятни ўз ҳолига ташлаб қўйгани танқид қилинди.
Оқибатда биринчи чоракда экспорт Норин, Касби, Шеробод, Ёзёвон ва Деновда 2 каррадан зиёд камайган. Шаҳрисабз, Учқудуқ, Паркент, Тошкент туманлари, Жиззах, Навоий, Наманган, Ангрен, Бекобод ва Нурафшон шаҳарларида эса 70 фоизга ҳам етмаган.
Ушбу туман ҳокимлари биринчи ярим йилликда ўсишни таъминламаса, хулоса қаттиқ бўлиши қайд этилди.
Умуман, ҳозирги шароитда экспортчиларни янги бозор топиш, айланма маблағ, сертификат, логистика каби масалаларини комплекс ҳал қилиш бўйича ягона ёндашув бўлиши кераклиги таъкидланди. Бу борада натижага йўналтирилган яхлит тизим қилиш юзасидан таклиф киритиш топширилди.
ЎзА