Ҳокимга эмас, қонунга мос қарор қабул қилинг
Кўплаб муаммолар ҳокимларнинг ноқонуний қарорлари туфайли келиб чиқаётгани сир эмас.
Шу боис қарорларни маҳаллий кенгашлар тасдиғидан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган.
Аммо қизиғи шундаки, қарорларнинг ҳаққонийлигига баҳо берадиган, уни тасдиқлайдиган кенгашларга ҳокимлар раислик қилади.
Бу ҳолат давлатимиз раҳбари томонидан ҳам танқид қилиниб, маҳаллий кенгашларга ҳокимлар раислик қилиши амалиётига барҳам бериш зарурлиги таъкидланган. Бироқ бу ҳали амалда ечимини топмади.
Кимки ҳоким қароридан норози бўлса, идорама-идора, судма-суд юришига тўғри келар, адолатни тиклашга эса камдан-кам ҳолда эришилган.
Сенатнинг ўтган ҳафтада бўлиб ўтган ялпи мажлисида эса халқ депутатлари Сурхондарё вилояти ҳамда Қашқадарё вилоятининг Ғузор, Миришкор, Қарши туманлари ва Қарши шаҳар Кенгашларининг айрим қарорлари бекор қилинди.
Тўғриси, ялпи мажлисда бу каби масала аввал кўрилмаган эди. Айнан шу масала кўрилаётганда Сенат раиси Танзила Норбоева энди ноқонуний қарор қабул қилинса, бекор қилинишини ҳам айтиб ўтди. Шунинг учун эндиликда маҳаллий Кенгашлар қабул қилинаётган қарорнинг қонунга мослигини чуқур ўрганиши талаб этилди.
Демак, энди вилоят, туман ҳокимларига мос эмас, қонунга мос қарорлар қабул қилиш шартлигини маҳаллий Кенгашларда фаолият юритаётган депутатлар чуқурроқ тушунган бўлса ажаб эмас. Зеро, қабул қилинган қарор бекор қилиниши уларнинг қандай ишлаётганини кўрсатади.
Хўш, ўша бешта қарор нега бекор қилинди?
Бунга ўша қарорлар устидан Сенатга Бизнес омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан мурожаат йўллангани сабаб бўлди. Сенат қўмиталарида мурожаатлар ўрганиб чиқилганда, қўйилган талаблар ўринли экани, маҳаллий Кенгашлар тасдиқлаган қарорлар ҳақиқатдан қонун талабларига зидлиги аниқланган.
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги Қарлуқбоғот маҳалласида яшовчи фуқаро Г.Ҳайдарова 2011 йилда уй-жойни хусусийлаштирган. Бу ҳақда шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинган. Аммо 2017 йилга келиб халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши шаҳар ҳокимининг ушбу қарорини бекор қилган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ҳамда бекор қилиш ваколатига эга эмас.
Сенат раисининг айтишича, мазкур ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилганда хусусий мулкка доир барча нормалар ва белгиланган тартиб-таомилларга амал қилинмагани маълум бўлди. Оқибатда фуқаро йиллар давомида сарсон бўлган.
Халқ депутатлари Ғузор, Миришкор, Қарши туманлари Кенгашларининг фермер хўжалиги билан тузилган ер ижараси шартномасини бекор қилишга оид қарорларида ҳам шу ҳолат кузатилган.
Бандихон туманидаги «Бектепа» кичик саноат зонаси ҳудудида йўл қурилиши масаласида ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилган. Тадбиркор тендерда ғолиб бўлган, бироқ у билан шартнома тузилмасдан объект бошқа ташкилотга бериб юборилган. Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгаши эса ўз қарори билан ҳокимликнинг ушбу хатти-ҳаракатини қонунийлаштириб берган.
Ялпи мажлисда маҳаллий Кенгашларнинг қайд этилган қарорларини бекор қилиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Бу қарорлар ортида йиллаб адолат қидирган хусусий мулк эгаси, тадбиркор, фермерлар бор. Уларнинг манфаатига зид бўлган, қолаверса, ноқонуний бўлган қарорлар бекор қилиниб, адолат тиклангани қувонарли.
Аслида Сенатга мана шундай ваколат берилганининг ўзи адолатли иш бўлган. Зеро, ҳар сафар юқори палата мажлисларида жуда кўп ўткир муаммолар кўтарилади, мутасаддилар сўроққа тутилади, танқид қилинади. Аммо амалий натижалар яққол кўзга ташланмаётган эди, назаримда. Демак, халқнинг энг олий вакиллик органида амалий ишлар бўйича ваколатлари кўпроқ бўлса, халққа кўпроқ фойдаси тегади.
Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА