Ҳоким ёшлар билан учрашди
Ҳар йили 30 июнь санаси мамлакатимизда “Ёшлар куни” сифатида кенг нишонланади. Шу муносабат билан ёз фаслининг илк ойида республика миқёсида “Ёшлар ойлиги” ташкил қилиниб, унда турли маънавий-маърифий, маданий-кўнгилочар фестиваллар, танловлар, спорт мусобақалари кўтаринки руҳда ўтказилади.
Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов "Ёшлар ойлиги" доирасида ёшлар вакиллари билан учрашди. Унда маҳалла фуқаролар йиғинларида ишловчи ёшлар етакчилари, олийгоҳлар талабалари, “Темурбеклар мактаби” ва “Жасорат мактаби”нинг билимдон битирувчилари, иқтидорли спортчилар иштирок этди.
Даставвал, вилоят раҳбари нуфузли танловлар ғолиблари ва ихтирочи-инноватор ёшларнинг янги лойиҳалари билан яқиндан танишди.

Шавкат Абдураззоқов 2024 йилнинг биринчи ярмида ёшларга оид давлат дастурини амалга ошириш борасида бажарилган ишлар ва қўлга киритилган ютуқларга тўхталди.
Таъкидлаб ўтилгандек, вилоятда хатловдан ўтказилган 652 минг 859 ёшнинг 8 минг 200 нафардан зиёди учта алоҳида тоифага ажратилиб, уларни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилди. Уюшмаган ёшларнинг 371 раҳбарга бириктирилиши натижасида кўтарилган муаммоларнинг 90 фоизи ижобий ҳал этилди.

Президент мактаби ва Наманган шаҳридаги 1-сон давлат ихтисослаштирилган мактабининг икки нафар битирувчиси халқаро фан олимпидаларида фахрли ўринларга сазовор бўлди.
Қувонарлиси шундаки, жорий йилда Франциянинг Париж шаҳри мезбонлик қиладиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига вилоятимиз спортчи ёшлари 8 та йўлланмани қўлга киритди.

Икки соатга яқин кечган "Ҳоким ва ёшлар" учрашувида 250 нафардан зиёд йигит-қиз ўзини қизиқтирган масалаларда мурожаат ва таклифларини йўллади. Олий ўқув юртида таҳсил олиш учун таълим кредитини олиш, маҳаллада спорт майдончасини қуриш, мактабларда ҳокимлар ва раҳбарлар иштирокида маънавият соатларини ўтказиш, санъат мактаби ансамблини мусиқий чолғу асбоблари билан таъминлаш каби мурожаатлар ана шулар жумласидан.
Масалан, Давлатобод тумани Қуйи Ровустон маҳалласида яшовчи А. Х. суд ҳукми билан беш йил муддатга озодликни чеклаш жазосига тортилиб, ҳозиргача қадар унинг 2,5 йил муддатини ўтаб бўлди. У ўз хонадонида эшик-ромлар ишлаб чиқариб, ўнга яқин маҳалладошларини шогирдликка олган. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва иш ўринларини кўпайтириш мақсадида унга белгиланган жазонинг қолган қисмини бекор қилишни сўради.

Вилоят раҳбари ички ишлар бошқармаси мутасаддисига ушбу мурожаатни қонунан ўрганиб чиқиб, судга тақдимнома киритишга тавсия берди.
Косонсойлик Сурия Захирова Наманган ихтисослаштирилган санъат мактабининг иккинчи босқичида таҳсил олади. У яқинда Тошкентда ўтказилган “Ёз оҳанглари” республика танловида иқтидорини кўрсатиб, анъанавий чолғу йўналишида ғолибликни қўлга киритди. Олдинда уни Озарбайжонда бўлиб ўтадиган халқаро мусиқий танловдаги иштирок этиш кутиб турибди. Унга Боку шаҳрига бориб-келиш учун зарур маблағ зарур. Вилоят иқтисодиёт ва молия бошқармасига иқтидорли қизнинг йўлкира харажатларни қоплаб бериш топширилди.

– Вилоят сув спортига ихтисослаштирилган спорт мактабида ўн йилдан бери спортнинг эшкак эшиш сламоми билан шуғулланиб келаман. Биз танлаган йўналиш Олимпия ўйинлари дастурига киритилган бўлиб, ҳар тўрт йилда бўладиган нуфузли мусобақаларда йўлланмалар учун курашда кўпинча Хитой ва Корея спортчиларига имконият бой бериб қўйилади, – дейди Осиё чемпиони, халқаро тоифадаги спорт устаси Баркамол Мирзаҳамдамов. – Боиси, шарқий Осиё мамлакатларида зарур спорт инфратузилмаси учун барча шароит мавжуд. Бизда эса, имкониятларимиз чекланган. Яъни эшкак эшиш сламоми мусобақалари ва машғулотларини ўтказиш махсус каналлари қуриш зарур.
Вилоят раҳбари ушбу ўринли таклиф қўллаб-қувватланишини айтиб, Давлатобод туманидаги “Афсоналар водийси” хиёбони ҳудудида махсус канал қуриш лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғини берди.
“Ҳоким ва ёшлар” учрашувида билдирилган таклиф ва ташаббуслар қўллаб-қувватланиши, кўтарилган муаммоли масалалар ҳал этилиши назоратга олиниши қайд этилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири