Ҳоким ёшлар билан учрашди
Битирувчилар, маҳаллаларда иш олиб бораётган ёшлар етакчилари, ҳоким ёрдамчилари, тадбиркорлик субъектлари масъуллари иштирокида Андижон вилояти Хўжаобод тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда битирувчилар бандлигини таъминлаш хусусида атрофлича сўз юритилди.
Учрашувда туман ҳокими Ўткирбек Шукуров кейинги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасини ривожлантириш, ўқувчи ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, хусусан, битирувчилар бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлаб, мазкур йўналишда Хўжаобод туманида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Учрашув давомида ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида "20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурида иштирок этаётган тумандаги 18 та йирик ва 15 та кичик тадбиркорлик субъекти томонидан ойлик иш ҳақи 2 миллион сўмдан 7,5 миллион сўмгача бўлган 1 минг 86 та бўш иш ўрни ёшларга таклиф этилди.
[gallery-13620]
Бундан ташқари, касб-ҳунар эгаллашлари учун бир гуруҳ ёшларга тумандаги ўқув марказлари ҳамда Андижон шаҳридаги мономарказга йўлланмалар берилди. Шунингдек, ўз тадбиркорлигини бошлаш истагидаги ёшларга мутахассислар томонидан кредит ва субсидия олиш тартиблари тушунтирилди.
Туман ҳокими битирувчи ёшларнинг таклиф, фикр ва мулоҳазаларини тинглади, уларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
Бир гуруҳ битирувчи ёшлар ўзлари танлаган ҳамда таклиф этилган бўш иш ўринларига ишга жойлаштирилиб, бандлиги таъминланадиган бўлди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари