Ҳоким ёрдамчисидан бир савол...
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар қанча муддатга, неча фоиздан ва қайси соҳаларга ажратилади?
Мазкур саволга Марказий банкнинг Тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича тижорат банклари фаолиятини мониторинг қилиш департаменти бошқарма бошлиғи Турғун Ҳакимов жавоб беради.
– Бугунги кунда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига умумий тартибда асосий қарз бўйича 3 ойдан 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга ажратилади.
Дастурлар доирасида имтиёзли кредитлар чорвачилик (қорамол, қўй, эчки), балиқчилик ва паррандачилик (тухум йўналиши) учун 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга, боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарни харид қилиш учун – 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга, шунингдек, «Ҳунарманд» уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлари ва хомашё материалларини харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, «уста-шогирд» мактабларини ташкил этиш, уй-музейлар ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш учун 3 йилгача муддатга ҳамда айланма маблағларини тўлдириш учун 18 ойгача муддатга ажратилади.
Муҳайё Тошқораева,ЎзА