Ҳоким ёрдамчиси – аҳолига кўмакчи
Бундан роппа-роса бир йил олдин Президентимиз ташаббуси билан маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари иш бошлаган эди. Бугунги кунда маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари уйма-уй юриб оилалар аҳволини ўрганган ҳолда, тегишли тартибда чоралар кўрмоқда. Оилаларнинг иқтисодий аҳволи яхшиланишига ўз ҳиссаларини қўшмоқда.
Кармана туманидаги мавжуд 43 та маҳалла фуқаролар йиғинларига тайинланган ҳоким ёрдамчилари томонидан аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Мир Саид Баҳром маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Беҳзод Савуров томонидан ишсиз ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, кредитлар олиш, ёшларнинг касб-ҳунар ўрганишлари учун бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
– Маҳалламизда 2600 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди ҳоким ёрдамчиси Беҳзод Савуров. – Маҳалламиз драйвери сифатида хизмат кўрсатиш соҳаси белгиланган. Бунга сабаб аҳоли хонадонларида ер майдони камлиги, бундан ташқари, маҳалла туман марказида жойлашганлигидир. Маҳалламизда 103 та кичик бизнес субъектлари мавжуд бўлиб, уларнинг 9 таси саноатда, 78 таси савдо ва хизмат кўрсатишда ва 16 таси бошқа йўналишларда фаолият кўрсатади.
Ҳоким ёрдамчиси ташаббуси билан ҳудуддаги бўш турган 8 та объект тадбиркорларга фойдаланиш учун берилди ва ишга туширилди. Шунингдек, фойдаланилмай келинаётган ва қурилиши тугалланмаган бино замонавий кўринишга келтирилиб, ўқув маркази ташкил этилди.
“Algorizmus” нодавлат таълим маркази ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан ташкил этилган ўқув марказларидан биридир.
– Ҳоким ёрдамчиси Беҳзод Савуровнинг саъй-ҳаракати билан ушбу қаровсиз бинони қайта таъмирлаб, ўқув марказига айлантирдик, – дейди тадбиркор Ш.Нуриддинов. – Ҳозирда 14 нафар педагог 9 та фан йўналишида ёшларга билим бермоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кўп болали оилалар фарзандлари учун тўловларда чегирмалар жорий қилинган.
– Мазкур ўқув марказида ахборот технологиялари йўналишига эътибор қаратилганлигига асосий сабаб маҳаллада истиқомат қилувчи болаларнинг аксарияти бу соҳага қизиқади. Шунингдек, маҳалладаги 2-сонли мактаб асосан IT соҳасига ихтисослаштирилган бўлиб, ўқувчиларимиз 2021 йилда “Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг республика босқичида фахрли биринчи ўринни эгаллаган, – дейди ҳоким ёрдамчиси.
Маҳалланинг туман марказида жойлашганлиги ҳамда аҳолининг талаб ва истакларидан келиб чиқиб бугунги кунда ҳудудда кўп қаватли бинолар қуриляпти. Кўп қаватли биноларнинг биринчи қавати ва ер тўласидан унумли фойдаланган ҳолда хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилмоқда.
– Фойдаланишга қабул қилинган 5 қаватли бинода 10 га яқин хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилди, – дейди маҳалла раиси Шокир Каримов. – Ташкил этилган хизмат кўрсатиш объектларида 15 га яқин янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, уй ер тўласида тикувчилик, миллий ширинликлар ишлаб чиқариш цехи ташкил этилиб, маҳалламиздаги ишсиз хотин-қизлар иш билан таъминланди.
Маҳаллада тадбиркор Озода Чўлиева тикувчилик йўналишида 10 нафар хотин-қиз билан ҳамкорликда кооперация ташкил этди.

– Бугунги кунда кооперациямиз аъзолари бўлган хотин-қизларимизга ярим тайёр (кесиб бичилган матолар) маҳсулотлар етказиб берамиз. Улар эса тайёр маҳсулот тайёрлаб беришади, – дейди тадбиркор О.Чўлиева. – Ҳозирда улар уйда ўтирган ҳолда ойига иш ҳажмига қараб 1,5 - 3 миллион сўмгача даромад қилмоқда.

2022 йилда маҳаллада оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 60 нафар тадбиркорга 1 миллиард 489 миллион сўмлик кредитлар ажратилди. Жумладан, тадбиркор У.Умаров 225 миллион сўм кредит эвазига янги тадбиркорлик субъекти ташкил этиб, антисептик воситалар ишлаб чиқариш ва қадоқлаш хизматини йўлга қўйди. 8 та янги иш ўрни яратилди. Фуқаро Х.Камолова эса 25 миллион сўм кредит олиб, тикувчилик фаолияти билан шуғуллана бошлади ва 2 та иш ўрни яратди.

Маҳаллада ҳоким ёрдамчиси ёрдами билан “Ёшлар дафтари”даги 10 нафар ёшга ўз бизнесларини йўлга қўйишлари учун тижорат банкидан имтиёзли кредит ажратилди. “Аёллар дафтари” га киритилган 10 нафар хотин-қиз эса касб-ҳунарга ўқитилди, 1 нафарига чорвачиликни ривожлантириш учун имтиёзли кредит ажратилди ва 6 нафарига тикув машиналари олиб берилди.
Хуллас, бугунги кунда маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари аҳолининг ҳақиқий кўмакчисига айланмоқда. Улар кўмагида аҳолининг муаммолари ўрганилиб, жойида бартараф этилаётир.
Абдували Бўриев,
ЎзА