Ҳоким ёрдамчилари тест синовидан ўтмоқда
Андижон давлат университетида маҳалла фуқаролар йиғинларида иш бошлаган ҳоким ёрдамчилари онлайн тест синовидан ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида вилоятдаги маҳалла фуқаролар йиғинларида 887 нафар ҳоким ёрдамчиси ўз фаолиятини бошлади.
Жорий йил 20-28 декабрь кунлари ҳоким ёрдамчилари учун қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, сектор раҳбарлари билан биргаликда ҳар бир маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўналишларини белгилаш, хонадонбай рўйхат асосида маҳалла кесимида ҳақиқий ижтимоий вазиятни аниқлаш, ойма-ой амалга ошириладиган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, маҳалланинг «ўсиш нуқтаси»дан келиб чиқиб, етакчи тадбиркорлар билан ҳамкорликда таклиф этаётган янги лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш, маҳаллаларда аҳолининг кундалик эҳтиёжлари учун зарур бўлган хизмат турларини ривожлантириш, аҳолини, биринчи навбатда ишсиз ёшлар ва аёлларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш ишларини ташкил этиш юзасидан тушунча ва малакаларини бойитиш бўйича амалий ўқув машғулотлари ўтказилди.
[gallery-5284]
Давлат тест маркази вилоят бўлими томонидан ҳоким ёрдамчиларининг амалий машғулотда қай даражада билим ва кўникма олганликлари синовдан ўтказилди.
– Ўқув-амалий машғулотларда жуда кўп масалалар бўйича зарур билимлар олдик, – дейди Қўрғонтепа туманидаги Намуна маҳалла фуқаролар йиғида иш олиб борувчи ҳоким ёрдамчиси Ҳосилбек Ғофуров. – Қолаверса, олган билимларимизни тест синовлари орқали синовдан ўтказдик. Бу келгусида фаолиятимизни ташкил этиш ва самарали олиб боришда бизга яқиндан ёрдам беради.
Давлат тест маркази вилоят бўлими томонидан онлайн тест синовлари вилоятдаги 4 та олий таълим муассасаларининг ахборот ресурс марказларида ташкил этилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА