Ҳоким ёрдам қўлини чўзди
Бундан бир неча кун аввал Наманган шаҳрининг “Янги йўл” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Акмалжон Дадахоновга тегишли хонадонда кўнгилсиз ҳодиса рўй бериши туфайли уйнинг барча хоналари ва жиҳозлари ёниб кетган.
Ушбу кўнгилсизликдан хабар топган Наманган шаҳри ҳокими Анваржон Отахўжаев жабрланган хонадонга келиб, Акмалжон Дадахонов ва унинг оиласини йўқлади. Ҳоким ёнғин оқибатида келиб чиққан зарарни бартараф этиш ва яшаш учун қулай шароитларни тиклаш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. Маҳалла фуқаролар йиғини ва ҳокимлик ҳамкорлигида уйнинг асосий қисмини таъмирлаш ишлари олиб бориладиган бўлди.

Халқимиз ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик бу каби вазиятларда янада намоён бўлади. Содир бўлган бахтсиз ҳодиса сабабли хонадонда рўзғор буюмлари ҳам қолмаган фуқаронинг уйига шаҳар ҳокимининг кўрсатмасига асосан саховатпеша ҳомийлар ҳамда Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Наманган шаҳридаги вакили, шаҳар бош имом-хатиби Абдулло Саматов томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва уй-рўзғор буюмлари тақдим қилинди.
Айни вақтда мазкур хонадонда шаҳар ободонлаштириш бўлими ходимлари томонидан тозалов ишлари олиб борилмоқда.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА