Ҳоким туман аҳли билан учрашди
Маҳалладаги ҳар бир ўзгариш, аввало, одамлар ҳаётида сезилиши керак. Равон йўллар, сифатли ичимлик суви, замонавий таълим муассасалари ва обод маҳалла бинолари — аҳоли учун қулай турмуш шароитининг муҳим белгиларидир. Бироқ ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани яхшилаш билан бир қаторда, одамларнинг фикрини эшитиш, уларни қийнаётган масалаларга ечим топиш ҳам муҳим.
Боёвут туманидаги Сармич ва Жўлангар маҳаллаларида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда ҳам ана шу жиҳатларга эътибор қаратилиб, ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва келгуси режалар муҳокама қилинди.

Туман ҳокими, 5-Сармич сайлов округидан сайланган депутат Ниёз Ҳазратқулов ҳар икки маҳалладаги аҳоли вакиллари ҳамда ёшлар билан учрашиб, ҳудудларни ривожлантириш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш борасидаги ишлар хусусида маълумот берди.

Сармич маҳалласидаги ўзгаришлар қаторида 120 ўринли 45-сонли умумтаълим мактабининг мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилгани алоҳида аҳамиятга эга. Бу таълим олаётган ёш авлод учун муносиб шароит яратиш йўлидаги муҳим қадамдир. Айни пайтда Сармич ва Жўлангар маҳаллалари биноларида ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Аҳоли учун энг долзарб масалалардан бири бўлган ичимлик суви таъминотига ҳам эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 6 мартдаги «Сирдарё вилоятининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ичимлик суви қаттиқлиги юқори бўлган ҳудудларда аҳолини сифатли сув билан таъминлаш мақсадида туманнинг 18 та маҳалласида янги сув қудуқларини қуриш режалаштирилган. Қувонарлиси, Сармич маҳалласи ҳам мазкур рўйхатдан ўрин олган.

Шунингдек, маҳалла ҳудудида йўл четларида пиёдалар йўлаклари барпо этилгани, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилгани ҳудуд ободлиги ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган амалий ишлар сирасига киради.
Учрашувнинг яна бир муҳим жиҳати — аҳоли ва ёшларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббусларига қулоқ тутилганидир. Очиқ мулоқотда билдирилган мурожаатлар ва кўтарилган масалалар юзасидан тегишли масъулларга зарур кўрсатмалар берилди.
Мулоқотдан сўнг туман ҳокими Жўлангар маҳалласи биносида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари билан танишиб, уларнинг боришини кўздан кечирди.

Бир сўз билан айтганда, маҳалла тараққиёти фақат бунёдкорлик ишлари билан эмас, балки аҳоли дардига қулоқ тутиш, таклифларини инобатга олиш ва мавжуд муаммоларга амалий ечим топиш билан ҳам белгиланади. Энг муҳими, бу жараёнда одамлар ўз ҳудудидаги ўзгаришларни ҳис қилиши керак.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири