Ҳоким "снос" масаласига изоҳ берди
Халқ депутатлари Риштон тумани Кенгаши сессиясида туман ҳокими Суфхонжон Солиев “снос” масаласига ҳам ойдинлик киритди.
– 2019 йилда “снос” билан боғлиқ ҳолатларни бошимиздан ўтказдик. Жуда кўп оилаларнинг уйларини қайта қуриб бердик. Бунда вилоят бюджетидан жуда кўп маблағ олдик. 500 дан ортиқ хонадон, 240 дан зиёд тадбиркорнинг, кўплаб давлат ташкилотларининг бинолари бузилди. Ҳозир 99 фоиз бузилган бинолар пули қопланди. Аниқроқ айтганда, 44 миллиард сўм компенсация қилиниши керак эди, бугунги кунгача 42 миллиард сўми компенсация қилинди. Тадбиркорларга ер берилди, бошқа жойдан бинолар қуриб берилди ва ҳоказо. Қолган 2 миллиард қомпенсацияни 2021 йил биринчи чорагида узишни режалаштирганмиз, – деди ҳоким.
Шунингдек, сессияда маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан бир қатор масалалар кўтарилди. Хусусан, туман марказида Ёшлар марказини қуриш, IT-парк очиш, таъмирталаб мактаблар, тиббиёт муассасаларини таъмирлаш, мактабларга спорт зали қуриш, интернет тармоғи сифатини яхшилаш каби муаммолар юзасидан савол ва таклифлар билдирилди.
– Тан олиш керак, туманда кўп ташкилотларнинг ўз биноси йўқ. Ҳатто Халқ қабулхонаси мослаштирилган бинода ишлаяпти. Тадбиркорлар уйи, Ёшлар маркази, IT-парк, туман кутубхонасининг ўз биноси йўқ. Туманда жуда кўп ташкилотларга янги бинолар қуриб беришимиз керак. Кейинги йилдан “снос” масаласидан қутулсак, маблағларни янги бинолар қуришга йўналтирамиз, –деди ҳоким.
Нурилло Насриев, ЎзА