Ҳоким кубоги ғолиблари тақдирланди
Термиз шаҳридаги “Сурхон арена” спорт мажмуасида воҳадаги мактаблар ўқувчилари учун спортнинг ўғил болалар ўртасида футбол ва қизлар ўртасида минифутбол турлари бўйича ўтказилган “Сурхондарё вилояти ҳокими кубоги” мусобақаси ғолиблари тақдирланди.
Тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ғолиб жамоаларга кубок, медаль ва сертификатларни тантанали топширди.

Футбол бўйича ўғил болалар ўртасида фахрли биринчи ўринни Шеробод тумани 27-мактаб жамоаси қўлга киритган бўлса, иккинчи ўрин Қумқўрғон туманидаги 24-мактаб ва учинчи ўрин Термиз туманидаги 36-мактабнинг ёш футболчиларига насиб этди.
Қиз болалар ўртасида спортнинг мини футбол тури бўйича биринчи ўринни Қумқўрғон туманидаги 42-мактаб, иккинчи ўринни Бойсун туманидаги 32-мактаб ва учинчи ўринни Термиз шаҳридаги 7-мактаб жамоалари эгаллади.

Мусобақалар низомига кўра, вилоят ҳокими кубоги соҳиби бўлган жамоа мактабида сунъий қопламали футбол майдончаси бунёд этилади. Иккинчи ўринни қўлга киритган мактаб биноси ва спорт зали, учинчи ўринни эгаллаган мактаб спорт зали тубдан таъмирлаб берилади.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири