Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари муҳокамада
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ходимларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатидаги устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг 10 июнидан 31 июлига қадар “Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолати” мавзусида республика миқёсида ҳуқуқий тарғибот акцияси ўтказилмоқда. Ушбу ташаббус доирасида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида ҳуқуқий-маърифий учрашув ташкил этилди.

Тадбирда филиал раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ҳамда ходимлар қатнашишди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Нукус шаҳар Адлия бўлими вакиллари иштирок этиб, мавзу юзасидан атрофлича маълумотлар тақдим этдилар. Бундан ташқари, улар меҳнат шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш тартиблари, ходимларнинг ижтимоий кафолатлари, меҳнат низоларининг ҳуқуқий ҳал этилиши каби масалаларда амалдаги қонунчиликда белгиланган нормалар ҳақида тушунчалар беришди.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олишди. Бу эса ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини янада чуқурроқ англашлари ва ўз ҳақ-ҳуқуқларини қонуний йўл билан ҳимоя қилишга бўлган интилишларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири