Ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлиги оширилмоқда
Фармон ва ижро
Коррупция ёки, халқ тили билан айтганда, порахўрлик жамият тараққиётига рахна соладиган, барча ислоҳотлар илдизига болта урадиган иллатдир. Хўш, бу иллатга қарши қандай чоралар кўриш мумкин?
Фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган комплекс дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масалаларига оид ахборотларни тарқатиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитишни ташкил этиш жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантиради.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони, бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, “Йўл хариталари” ҳамда чора-тадбирлар режалари қабул қилинди. Қолаверса, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” ги қонун билан ҳар бир давлат органининг вазифалари аниқ белгилаб берилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Газли нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасида ҳам ушбу йўналишда қатор саъй- ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Жумладан, давлат органлари зиммасидаги вазифа ва функцияларни бажаришда юзага келадиган коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар эътиборга молик. Бошқармада “Коррупцион хавфларни аниқлаш ва баҳолаш методологияси”, “Ишга номзодларни текшириш йўриқномаси”, “Контрагентларни текшириш йўриқномаси” ва “Алоқа каналлари орқали келиб тушган хабарларни қабул қилиш ва қайта ишлаш регламенти” каби мавзуларда тизимли равишда ўқув-семинарлар ўтказилмоқда.

Молиявий ва комплаенс назорат департаменти комплаенс инспекторларининг мавзулар юзасидан тайёрлаган тақдимотлари ўқув-семинарларнинг янада қизиқарли ва мазмунли бўлишини таъминламоқда. Шунингдек, учрашувлар давомида меъёрий ҳужжатларнинг мақсад ҳамда йўналишлари бўйича батафсил маълумотлар берилиб, коррупцион хавф-хатарларни аниқлаш, уларнинг турлари ҳақида семинар қатнашчиларига аниқ мисоллар асосида тушунтирилмоқда. Бу эса корхона ходимларининг комплаенс-назорат йўналишида ҳуқуқий саводхонлигини ва ҳуқуқий билимларини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўқув-семинарлар мавзулари иштирокчилар томонидан қизғин муҳокама қилиниб, ўзаро фикр алмашилмоқда.
Мухтасар айтганда, ҳудудий комплаенс инспекторлари билан биргаликда бошқарманинг ҳар бир кон, бўлим ва цехларида локал меъёрий ҳужжатлар бўйича ўқув-семинарлар мунтазам ташкил этилмоқда.
А.Тоиров,
С.Ғаффоров,
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳудудий
комплаенс инспекторлари.