Хизматлар соҳасининг ҳажми ва сифати ошмоқда
Инсонлар ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилашда хизмат кўрсатиш соҳасининг ўрни беқиёс.
Мамлакатимизда иқтисодиётнинг барча жабҳалари сингари хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам туб ўзгаришлар бошланди. Бугунги кунда юртимизда хизматларни кенгайтириш, хизмат кўрсатишнинг янги турларини йўлга қўйиш, фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, хизматлар соҳасининг кенгайиши ва ривожланиши миллий даромадларнинг ошишини таъминловчи ҳамда аҳоли учун муносиб турмуш даражасини таъминлашнинг ҳал қилувчи омилидир. Хизматларнинг юқори сифати ва хилма-хиллиги ходимларнинг меҳнат самарадорлигини оширади, истеъмол харажатларини камайтиради, вақт тежалишига олиб келади.
Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида хизмат кўрсатиш соҳасининг турли кўринишлари жадал ривожланмоқда. Тошкент шаҳар статистика бошқармаси маълумотига кўра, 2022 йилнинг январь-март ойларида кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 5 876,8 миллиард сўмга ошиб, 27 997,5 миллиард сўмга етди. 2021 йилнинг январь-март ойларига (110,5 фоиз) нисбатан ўсиш суръати 119,8 фоизни ташкил этади.
Шуни алоҳида айтиш лозимки, 2022 йил январь-март ойларида таълим соҳасидаги хизматлар ҳажми 1 271,6 миллиард сўмни ёки кўрсатилган бозор хизматлари умумий ҳажмининг 4,5 фоизини ташкил этди. Ўсиш суръати 2021 йил январь-мартга нисбатан 91 фоизни ташкил этган. Соғлиқни сақлаш хизматлари ҳажми эса 2022 йилнинг январь-март ойларида 560,6 миллиард сўмни ташкил этди. Хизматларнинг умумий ҳажмида уларнинг улуши 2 фоизни ташкил қилди.
Хизмат кўрсатиш соҳасининг жадал ривожланиши янги иш ўринлари яратилиши ва аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шундай экан, ушбу соҳалардаги ўсиш суръатининг ошиши қувонарли ҳол.
М.Комилова, ЎзА