Хизмат кўрсатиш сифати янада яхшиланди
Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов тумани давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда туман ҳокими М.Қайпанов, Давлат хизматлар агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи К.Артиков ва бошқалар Президентимиз ташаббуси билан давлат хизматлари кўрсатиш тизимининг такомиллаштирилаётгани аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
2019 йил август ойида қайта ташкил этилган Бўзатов тумани чорвачиликка ихтисослашган. Бу ерда давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилиши аҳоли учун ажойиб туҳфа бўлди. Миллийлик ва замановийликни ўзида акс этган янги бино ўзгача дизайнда барпо этилган.

Нукус шаҳридаги “BAXIT MIRATDIN QURILIS” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан барпо этилган бинода электрон навбат тизими жорий этилган. Мавжуд мониторлар орқали эса давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар, давлат хизматлари олиш тартиблари тўғрисидаги роликлар намойиш этиб борилади.
Туман давлат хизматлари маркази орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига жорий йилнинг шу даврида 8 мингга яқин давлат хизмати кўрсатилди. Янги бинода аҳолига хизмат кўрсатиш сифати ва ҳажми янада ортади.
Тадбиркорлик субъектлари учун қулайлик яратиш мақсадида марказ биносида Президентнинг Бўзатов тумани Халқ қабулхонаси, Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси, туман ФҲДЁ бўлими, нотариус ҳамда Адлия бўлими жойлашган. Шунингдек, кутиш зали, болалар майдончаси, кутубхона, тиббиёт хонаси ва ўз-ўзига хизмат кўрсатиш жойлари мавжуд.
– Янги бинода аҳолига сифатли, тезкор, қулай ва шаффоф давлат хизматлари кўрсатиш имконига эга бўлдик, – дейди Бўзатов тумани Давлат хизматлари маркази раҳбари Мийрас Худайбергенов. – Ўзига хос, замон талабларига тўла жавоб берадиган марказ зарур техник жиҳоз ва воситалар билан таъминланган бўлиб, бу ерда жисмоний ва юридик шахсларга 140 дан ортиқ давлат хизмати кўрсатилади. Марказда бир кунда 300 нафар фуқарога хизмат кўрсатиш имконияти яратилди.

Тадбир иштирокчилари янги бинодаги мижозлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов иштирок этди.