
26-28 апрель кунлари Хивада IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали бўлиб ўтади. ЮНЕСКО ва ISESCO (Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти) кўмагида ташкил этилган ушбу йирик маданий тадбирда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидан 200 нафарга яқин иштирокчи жам бўлди.
Фестиваль Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳар икки йилда бир марта ўтказилиб келинмоқда.

Хусусан, 2019 йилда Термиз шаҳрида бўлиб ўтган I Халқаро бахшичилик санъати фестивалида 20 дан ортиқ давлатдан фольклоршунос олимлар иштирок этган эди. Иккинчи фестиваль эса 2021 йилда Нукус шаҳрида ташкил этилиб, унда Қорақалпоғистоннинг бой маданий мероси ва бахшичилик санъати намойиш этилган. Мазкур маданий тадбирга 30 дан зиёд мамлакат вакиллари ташриф буюрган эди. 2023 йилги учинчи фестиваль Гулистонда ўтказилиб, 40 дан ортиқ мамлакатдан мусиқашунос, фольклоршунос ва ижрочиларни бир жойга тўплаган.
Фестивалда доим дунёнинг турли нуқталаридан илмий доира вакиллари ва ижодкорлар, тадқиқотчи ва мусиқачилар йиғилган. Навбатдаги тўртинчи фестиваль ўзининг бой тарихи ва бахшичилик санъати ривожига қўшган ҳиссаси билан танилган, Хоразм вилоятининг маданий пойтахти бўлмиш Хивада ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2025 йил 19 февралдаги топшириғи ҳамда Ўзбекистон маданият вазирининг 2025 йил 27 мартдаги “IV Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги буйруғи ижросини таъминлаш, шунингдек ушбу санъатни республика ва халқаро даражада кенг тарғиб этиш, “устоз-шогирд” анъаналари асосида бахшичилик мактабларининг ноёб ижро усулларини тиклаш ва ривожлантириш мақсадида “II Туркий дунё маданияти форуми” ва “Янги Ўзбекистонда бахшичилик санъати: замонавий тадқиқотлар ва истиқболлар” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтади.
“II Туркий дунё маданияти форуми” ва халқаро анжуман олдидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги матбуот хизмати раҳбари — маданият вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Сирожиддин Ўсаров иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда фестивалнинг асосий мақсадлари, унинг номоддий маданий меросимизни сақлашдаги ўрни ҳақида сўз юритилди.
Уч кун давомида Хива Ўзбекистон ва халқаро майдонда бахшичилик санъатини ривожлантириш учун янги уфқларни очиб, илмий ва ижодий мулоқот марказига айланади.
Азиза Алимова, ЎзА