Хивада аниқланган термитлар қандай йўқ қилинди?
*Дунё бўйича 1 миллион 200 хилдан зиёд ҳашаротлар мавжуд.
*Бу ҳашаротларнинг ҳаммаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун хавфлими?
*Юртимиз боғларидаги меваларнинг сифатини сақлаб қолиш учун қандай ишлар қилиняпти?
Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида зараркунанда ҳашаротларга қарши курашиш бўйича қилинаётган илмий ишларга бағишланган матбуот анжуманида юқоридаги масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Унда ФА Зоология, Микробиология ва Биоорганик кимё институтлари мутасаддилари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Маълумотларга кўра, 2050 йилга келиб дунё аҳолисининг сони 10 миллиард кишига етиши кутилмоқда. Бу эса шунча одамга озиқ-овқат етказиб бериш зарурати бор, дегани. Бунинг учун энг биринчи навбатда ҳосилдорликни ошириш талаб этилади. Хўш, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш учун нималарга эътибор бериш керак?

— Бунинг учун энг аввало олимлар зараркунанда ҳашаротларга қарши курашиш чора-тадбирларини кучайтириш, мукаммаллаштириш йўлларини излашлари керак, — дейди Фанлар академияси вице-президенти Бахтиёр Ибрагимов. — Зараркунанда ҳашаротларга қарши курашиш бўйича Фанлар академияси Зоология, Микробиология ва Биоорганик кимё институтлари ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги ўсимликларни ҳимоя қилиш институти олимлари томонидан кўплаб янги тажрибалар татбиқ этилмоқда. Аммо ҳали қилишимиз керак бўлган ишлар талайгина.
Тизимда зараркунандалар ва ҳашаротларга қарши курашиш борасида қилинаётган илмий ишлар хусусида Зоология институти директори Бахтиёр Холматов гапириб ўтди.
– Зоология институти томонидан охирги йилларда жиддий зараркунанда ҳисобланмиш термитларга қарши курашиш бўйича ишлар олиб бориляпти, – дейди Б.Холматов. – Ўзбекистондаги деярли барча вилоятларда термитларнинг 2 тури кенг тарқалган. Термитлар яшаш жойларини чўл худудларига яқин бўлган аҳоли тураржойлари, тарихий обидалар бор жойларга кўчиришди. Бугунги кунда институтимиз хузурида Термитларга қарши курашиш маркази фаолият олиб боряпти. Термитлар аниқланган хонадонларда профилактика ишлари йўлга қўйилди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан бу борадаги ишлар самарадорлиги учун 700 миллион сўм маблағ ажратилди. Ишчи гуруҳ тузилиб, Хива шаҳридаги 6 та маҳаллада мониторинг ишлари олиб борилди. 120 та хонадонда термитнинг зарарли ҳолатлари аниқланди. Хивадаги 5 фоиз хонадонда термит борлиги маълум бўлди. Олимлар томонидан термитларни аниқловчи дастур яратилди. Хива шаҳридаги Ичан қалъа мажмуасидаги масжидга ўрнатилиб, синовдан ўтказилди. Яхши натижа берди. Бу дастур намлик ва қуруқликка қараб термитни тарқалишини башорат қилиб беради.

Тадбирда кўсак қуртига қарши Havir биологик препарати, шира, оқ қанот, ўргимчак кана каби зарарли ҳашаротларга қарши Экобак номи билан юритилувчи янги препарат ишлаб чиқилгани ва бу яхши самара бераётгани хусусида ҳам мутахассислар томонидан батафсил маълумотлар берилди.
Шунингдек, тадбир давомида боғдорчиликни ривожлантириш, ҳосилдорликни ошириш борасида қилиниши керак бўлган ишлар ва режаларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА