Хива гиламларининг жилоси ўзгача
Жорий йилнинг 9 ойида Хоразмга 140 дан ортиқ хорижий давлатлардан икки миллионга яқин хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Бу кўрсаткич маҳаллий сайёҳлар билан қўшиб ҳисобланса, саккиз миллиондан ортади.
Сайёҳлар оқимининг ортишида вилоятда йил давомида ўтказилаётган 10 дан ортиқ халқаро фестиваллар, 20дан ортиқ маҳаллий оммавий тадбирларнинг аҳамияти катта. “Халқаро бахшичилик санъати”, “Қовун сайли”, “Лазги” халқаро фестиваллари, “Стронгмен” халқаро баҳодирлар ўйини, “Хоразм хонлари миллий таомлари” халқаро гастрономик фестивали ҳамда Хоразм халқаро инвестициялар форуми каби халқаро тадбирлар шулар жумласидандир.

Шу ойнинг 18-19 саналарида эса “Гиламлар жилоси” халқаро гилам кўргазмаси ўтказилади.
Хоразм вилоят ҳокимлиги, "Ҳунарманд" уюшмаси ва Туризм қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этиладиган халқаро тадбирда маҳаллий ва хорижий ҳунармандлар, олимлар, соҳа мутахассислари ҳамда фахрий меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 15 ноябрдаги "2024-2026 йилларда Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида мазкур кўргазмани ўтказиш юзасидан вилоят ҳокимлигига ҳам бир қатор вазифалар белгилаб берилган. Айни дамда вилоятда ушбу тадбирни юқори савияда ўтказиш учун катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

--Бугунги кунда икки минг икки юздан ортиқ ҳунармандлар фаолият юритиб, уларнинг 11 мингдан ортиқ шогирдлари мавжуд,-- дейди Республика “Ҳунарманд” уюшмаси Хоразм вилоят бошқармаси бошлиғи Илҳом Бобожонов. – Гиламдўзлик билан шуғулланадиган ҳунармандлар вилоятимизда юзлаб топилади. Чунки, қадимдан момоларимиз ёш қизларга, келинларга болалигидан ип йигиришни, ранг тайёрлаш ва гилам тўқишни миллий қадрият ва анъана сифатида ўргатишган. Мазкур кўргазма орқали бу анъаналаримиз янада кенгаяди. Хоразм гиламчилиги дунёга юз тутади, десам адашмайман.
Хива шаҳридаги янги туристик мажмуа “Арда Хива”да ўтказиладиган халқаро гилам кўргазмасига ўндан ортиқ хорижий давлатлардан ҳамда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан гиламчилик соҳаси вакиллари келиши кутилмоқда.
--Шу ёзда мен Хива шаҳридаги гиламчилик фабрикасида, шунингдек, гиламдўз ҳунармандлар устахоналарида бўлдим,-- дейди Япониянинг Kinjo Gakuin университети профессори Ando Reiko. – Фабрикада ишлаб чиқарилаётган турли гиламлар нафақат Ўзбекистонда сотилмоқда, балки бутун дунёга экспорт қилинаётган экан. Айниқса, уста-шогирд анъанасининг асрлар давомида сақланиб келаётгани Хоразм гиламчилиги яна асрлар оша ривожланишини билдиради. Ҳунармадларнинг қўл меҳнати билан тайёрланган гиламлар 20 минг долларгача сотилаётгани унинг қийматини ҳам билдиради.
Хоразмнинг барча ҳудудларида халқ амалий санъатининг ўзига хос марказлари бўлиб, Тупроққалъа туманида ҳам бундай қадриятлар сақланиб келмоқда. Тумандаги "Баркамол авлод" болалар мактабининг "Гиламдўзлик" тўгараги шуғулланувчиси 14 ёшли Айпери Атаева қизиқиши туфайли 2 йилдан буён гиламдўзлик сир-асрорларини қунт билан ўрганмоқда.
--Мен тўқиган гиламларим республикамизда ўтказилган бир неча ижодий кўргазмаларда иштирок этиб, хорижлик ишқибозларга маъқул келди,--дейди Айпери Атаева. -- Айрим маҳсулотларимни сотиб ҳам олишди. Шу кунгача сотган энг қиммат гиламим 200 АҚШ доллари бўлиб, ҳунарим ортидан ҳар ойда 1-2 миллион атрофида даромад ҳам қиламан. Менинг мақсадим ўзбек-туркман гиламчилигини ривожлантириб, шу орқали Ўзбекистонни бутун дунёга танитишдан иборат. Яқинда ўтказиладиган халқаро кўргазма эса бунга имкон яратади, деб ўйлайман.
Мамлакатимизда қадимдан миллий қадрият сифатида ривожланиб келаётган гиламдўзлик анъаналарини асраб-авайлаш, илмий тадқиқ этиш, халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш ва кенг тарғиб этиш, анъанавий усулда гилам тўқиётган уста-ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли ҳамда хорижий сайёҳларнинг анъанавий гиламдўзликка қизиқишини уйғотиш, анъанавий гиламдўзлик бозорини ривожлантириш мақсадида ўтказилаётган халқаро кўргазма доирасида “Ўзбек гиламдўзлиги: анъана ва инновация” мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани ҳам ўтказилиши кўзда тутилган. Шунингдек, савдо, инвестиция ва қўшма ҳамкорлик лойиҳалари бўйича бир қатор шартнома ва битимлар имзоналиши ҳам кутилмоқда.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА