Хива декларацияси: Ўзбекистон ва Беларусь стратегик шериклигини янги босқичга олиб чиқиш сари муҳим қадам
2026 йил 29 - 30 сентябрь кунлари қадимий Хива шаҳрида “Стратегик шериклик: парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, янги вазифалар ва ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида тўртинчи Ўзбекистон - Беларусь парламентлараро форуми бўлиб ўтди.
Нуфузли анжуманда икки мамлакат парламентлари палаталари раҳбарлари ва аъзолари, ҳукумат, вазирлик ва идоралар, маҳаллий вакиллик органлари, олий таълим муассасалари, ёшлар парламентлари, бизнес вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Форумнинг биринчи иш кунида Ўзбекистон ва Беларусь тадбиркор аёлларининг тўртинчи бизнес-форуми ўтказилди. Унда саноат кооперацияси, қўшма инвестициялар, меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланиш, агросаноат соҳасидаги ҳамкорлик, озиқ-овқат хавфсизлиги ва биотехнологиялар, гуманитар ва ижтимоий соҳалардаги шериклик, шунингдек, туризм соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
“Ўзбекистон ва Беларусь: саноат кооперацияси, қўшма инвестициялар, меҳнат салоҳиятини рўёбга чиқариш” мавзусидаги шўъба йиғилишида янги иш ўринларини яратиш, касбий кўникма ва компетенцияларни ривожлантириш, аёлларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларида уларнинг иштирокини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитларни шакллантириш муҳим вазифалар сифатида белгилаб олинди.

Агросаноат соҳасидаги шерикликни янада кенгайтиришга бағишланган шўъба йиғилиши якунида умумий қиймати 35,5 миллион доллар бўлган 11 шартнома имзоланди.
“Туристик мулоқот: салоҳиятдан аниқ қўшма лойиҳалар сари” мавзусидаги йиғилишда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор келишув ва меморандумлар имзоланди.
“Ўзбекистон ва Беларуснинг гуманитар ва ижтимоий соҳалардаги стратегик шериклиги: имкониятлар ва истиқболлар” мавзусидаги шўъба йиғилишида таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган келишувлар имзоланди.
Парламентлараро форум доирасида икки мамлакат маҳаллий вакиллик органлари раҳбарларининг учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Унда ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 15 та икки томонлама келишув имзоланди.

Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ва Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика Кенгаши Раиси Наталья Кочанова ўртасида учрашув ўтказилди. Унда парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни институционал жиҳатдан янада мустаҳкамлаш, ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, ишбилармонлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро парламент платформалари доирасида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувларга эришилди.
Тадбир доирасида “Made in Uzbekistan” ва “Made in Belarus” брендлари остида миллий маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Кўргазма икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, янги шерикларни топиш ва қўшма бизнес лойиҳаларини шакллантириш учун амалий мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
Форумнинг иккинчи иш кунида Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти ҳамда Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика Кенгаши ҳузуридаги Ёшлар кенгашининг қўшма мажлиси ўтказилди. Унда 2026 - 2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси” имзоланди.
Олий Мажлис Сенати ва Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика Кенгашининг ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссияси учинчи мажлисида комиссия фаолиятини мунтазам давом эттириш, уни Ўзбекистон - Беларусь стратегик шериклигини янги амалий лойиҳалар билан бойитишга хизмат қиладиган самарали механизм сифатида ривожлантиришга келишиб олинди.
Ўзбекистон - Беларусь парламентлараро форумининг ялпи мажлиси очилишида икки мамлакат Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенконинг тадбир иштирокчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева давлат раҳбарларининг форум иштирокчиларига йўллаган табриклари парламентлараро ҳамкорликка билдирилаётган юксак эътибор ва ишонч ифодаси эканини алоҳида таъкидлади.
– Президентларимиз қўшма фаолиятимизни қўллаб-қувватлаётгани биз учун фахр, – деди Т.Норбоева. – Шу билан бирга, бу катта масъулият ҳамдир. Хивада илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар амалий ишларга айланиши лозим. Ана шунда биз мамлакатларимиз ўртасида эришилган стратегик келишувларни рўёбга чиқаришга муносиб ҳисса қўшган бўламиз.
Сенат Раиси таъкидлаганидек, сўнгги беш йилда ўзаро савдо ҳажми уч баробарга ошган ва ўтган йил якунларига кўра бир миллиард долларга яқинлашган. Бугунги кунда икки мамлакат ўртасида 360 қўшма корхона фаолият юритмоқда.
Ялпи мажлисда Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика Кенгаши Раиси Наталья Кочанова Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга форумни шахсан қўллаб-қувватлаганлари учун миннатдорлик билдирди.
– Парламентлараро форумга оид қўшма лойиҳа дадил ғоядан Беларусь - Ўзбекистон ҳамкорлигининг натижадор форматларидан бирига айланди, – деди Н.Кочанова. – Тўртта форум давомида 122 шартнома, шунингдек, минтақавий даражада ҳамда таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари ва жамоат ташкилотлари йўналишида икки томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги салмоқли битим ва меморандумлар имзоланди.
Ялпи мажлис иштирокчилари машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, электротехника, тўқимачилик ва мебель саноатида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш муҳимлигига эътибор қаратди.
Минск, Тошкент ва Витебск шаҳарларида ўтказилган Ўзбекистон - Беларусь тадбиркор аёлларининг бизнес-форумлари доирасида шаклланган ҳамкорлик тажрибаси ҳам алоҳида қайд этилди. Тадбиркор аёллар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, уларнинг қўшма лойиҳалардаги иштирокини рағбатлантириш ва янги бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.

Форум якунида Хива декларацияси қабул қилинди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон - Беларусь парламентлараро мулоқотининг навбатдаги натижаси бўлиш билан бирга, эришилган келишувларни аниқ лойиҳа ва ташаббусларга айлантиришга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА мухбири