Хитойлик инвесторлар жанубга сармоя киритишда давом этмоқда
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Хитойнинг "Wanlin Group Limited" компанияси раҳбари Ли Янтао бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ўзаро ишонч ва дўстликка асосланган муносабатлар доирасида янги босқичда ривожланаётгани қайд этилди. Кейинги йилларда савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқалар кўлами кенгайиб бораётгани таъкидланди.
Мулоқот чоғида воҳада замонавий аквапарк қуриш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш, шунингдек, оқова сувларни тозалаш, қайта ишлаш ҳамда такрорий фойдаланишга қаратилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Самимий руҳда ўтган учрашувда мазкур йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва аниқ инвестиция ташаббусларини ишлаб чиқишга келишилди.

Хитойлик сармоядорлар сўнгги йилларда жанубдаги вилоятга инвестиция киритишга катта қизиқиш билдирмоқда. Жумладан, яқинда Термиз туманида хитойлик сармоядорларнинг 250 миллион долларлик инвестиция лойиҳасига ҳам тамал тоши қўйилди. Ушбу лойиҳа 30 минг гектар майдонда пахта етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишга мўлжалланган замонавий агросаноат мажмуасини барпо этиб, уни Марказий Осиёдаги энг йирик ишлаб чиқариш базаларидан бирига айлантиришни кўзда тутади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА