
Хитойнинг Янченг шаҳрида жойлашган рақамли аудиовизуал технология базаси рақамли иқтисодиётнинг юқори салоҳиятини намойиш этиб келмоқда. Масалан, 100 та юқори тезликда ишловчи камера билан жиҳозланган замонавий қурилма бир зумда 360 даражали маълумотни қайд этиб, ҳар сонияда 180 та HD-сифатли сурат яратади, 3 дақиқада одамнинг 3D моделини ҳосил қила олади.
Мазкур инновацион марказ контент ишлаб чиқариш, интер фаол симуляция яратиш, рақамли хизмат кўрсатиш, саноат, туризм ва таълимни ривожлантириш, шаҳар бошқаруви тизимини рақамлаштириш сингари беш муҳим йўналишга эътибор қаратади.


Шу тариқа мажмуа ҳисоблаш қуввати, технологик ишланма, ақлли ускуна ва контент яратиш жараёнини бирлаштириб, инновацион экотизимни шакллантирмоқда.
78 компания уйғун фаолият юритаётган марказнинг йиллик айланмаси 300 миллион юань - 41 миллион доллар. Яқин 3-5 йил ичида даромад 10 миллиард юандан ошиши, уч йирик саноат кластери шакллантирилиши ва миллий рақамли аудиовизуал технология базаси мақоми қўлга киритилиши кутиляпти.


Хитой рақамли медиа саноатидаги бу муҳим платформа минтақанинг инновацион ривожланишига салмоқли ҳисса қўшмоқда.



Нозимбек Мардонов, ЎзА