
Хитой АҚШ етакчилигида юзага келтирилаётган савдо изоляцияси жараёнига қўшилганларга қарши чоралар кўришга тайёрлигини билдирмоқда. Агар муайян давлатлар Вашингтон томонидан жорий қилинаётган, Хитойга зарар етказувчи савдо келишувларига қўшилса, бундай ҳаракатга қарши албатта муносабат билдирилади.
ХХР Савдо вазирлиги шу хусусда баёнот берди:
– Хитой шунга ўхшаш вазиятни ҳеч қачон қабул қилмайди ва бунга қатъий жавоб беради.
Икки қутбли савдо сиёсати
“The Wall Street Journal” хабарига кўра, АҚШ 70 га яқин давлат билан Хитойни глобал савдодан ихоталаш режасини муҳокама қилмоқда. Масалан, Чин маҳсулотлари транзитини чеклаш, Хитой компаниялари фаолиятига тўсиқ қўйиш ва арзон саноат молларини қабул қилмаслик сўралмоқда. Пекин айни ҳаракатни “бир томонлама безорилик” атаб, “Агар халқаро савдо ўрмон қонунига айланса, кучлилар заифларни босса, бундан барча давлатлар ютқазади” деган.
Тариф урушининг авжи
Президент Трамп даврида АҚШ Хитой маҳсулотларига 145 фоиз тариф жорий қилди, Хитой эса, жавобан, Америка товарларига 125 фоиз бож ўрнатди. Оқ уй шу муносабат билан Пекинни бир неча бор музокарага чақирган. Хитой эса мулоқотга очиқлигини билдирган. Бинобарин, ҳозирча жиддий яқинлашув кузатилгани йўқ.
К.Бекжонов, ЎзА