
Хитой Панамага “Бир макон, бир йўл” ташаббусидан чиқиш режаси мақбул эмаслигини билдирди, деб баёнот берди ХХР ташқи ишлар вазирлиги.
Аввалроқ Панама Президенти Хосе Рауль Мулино ушбу қарор АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг мазкур давлатга яқинда уюштирган ташрифи билан боғлиқ эмаслиги, бу ечимга анча олдин келинганини айтганди. Давлат раҳбари қўшимча қилишича, Панама элчиси аллақачон Хитой расмийларига мамлакати ташаббусдан чиққани тўғрисидаги ҳужжатни юборган.
— Ташқи ишлар вазири ёрдамчиси Чжао Чжиюан 2025 йил 7 февралда Панаманинг Хитойдаги элчиси Мигель Лекаро билан учрашди ва унга мамлакатнинг “Бир макон, бир йўл” лойиҳасини биргаликда илгари суриш бўйича Хитой-Панама меморандумини бекор қилиш нияти юзасидан кескин баёнот берди, — дейилган ХХР ТИМ баёнотида.
Чжао Чжиюан учрашувда Хитой Панаманинг тегишли англашув меморандумини бекор қилиш қароридан чуқур афсусдалигини билдирган.
— Ташаббусни биргаликда амалга ошириш жараёнида турли соҳалардаги амалий ҳамкорлигимиз жадал ривожланди, — деган хитойлик дипломат. — Қатор муҳим натижаларга эришилди ва бу Панама давлати ва халқига сезиларли фойда келтирди.
АҚШ Президенти Дональд Трамп 20 январь куни инаугурация маросимида Панама канали устидан назорат ўрнатиш ниятини маълум қилганди.
С.Раҳимов, ЎзА