Хитой ҳарбий бюджети яна ошади
Хитой 2024 йил ҳарбий бюджетини 1,665 триллион юань (тахминан 231,24 миллиард доллар) оширади.
“Миллий мудофаа харажати 1,665 триллион юанни ташкил этади”, - дейилган Халқ вакиллари йиғини сессияси очилиши арафасида эълон қилинган ҳужжатда.
Хитой ҳар йили мудофаа бюджетини режали ошириб келмоқда. Бинобарин, урушларда иштирок этмаётган ушбу давлат ҳарбий доктринаси мудофаага таянади. 2023 йил Хитой миллий мудофаа харажатини 7,2 фоиз, яъни 1,55 триллион юань (тахминан 220 миллиард доллар) оширган эди.
Мудофаа тизими сарфи ҳар йили ортиб бориши тенденцияси кўп давлатларда хавотир уйғотиб, танқидга сабаб бўлмоқда. Бутунхитой халқ вакиллари 14-мажлиси иккинчи сессияси расмий вакили Лоу Циньцзян баёнот беришича, миллий мудофаага сарфланаётган харажат, АҚШ билан таққослаганда, анча оз.
Сешанба куни Пекин шаҳрида очилган мамлакатнинг Олий қонун чиқарувчи органи анжумани етти кун давом этади. Тадбирда бутун мамлакатдан келган қарийб 3 минг делегат иштирокида ҳукуматнинг 2023 йил ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланади, 2024 йил учун режа, марказий ва маҳаллий бюджет лойиҳалари тасдиқланади. Олий халқ прокуратураси, Олий халқ суди, ҳамда Халқ вакиллари доимий қўмитаси фаолияти ҳақидаги маърузалар тингланади. ХХР Давлат кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги Қонунга тузатиш киритиш масаласи муҳокама қилинади.