Хитой газ қувурлари мамлакатимизда
Ўзбекистон – Хитой муносабатлари фақат ўзаро савдо-сотиқ, технологик линия ва жиҳозлар таъминотидагина эмас, стратегик аҳамиятга эга маҳсулотлар етказиб беришда ҳам юқори даражага кўтарилган.
Бугун “Ўзтрансгаз” АЖ ва унинг Фарғона магистрал газ қувурлари бошқармаси Хитойнинг Алашанькоу шаҳридаги "Синьбо" нефтгаз қувурлари компанияси билан яқин муносабат ўрнатган. Ўзбекистонга, жумладан, Фарғонага Хитойдан юқори сифатли мустаҳкам металдан ишлаб чиқарилган газ қувурлари етказиб берилмоқда.


– Биз Фарғонадаги 1650 километр газ қувурларига хизмат кўрсатамиз, – дейди “Ўзтрансгаз” АЖ Фарғона магистрал газ қувурлари бошқармаси бош муҳандиси Улуғбек Исмоилов. – Фаолиятимизда Хитой қувурларидан фойдаланамиз. Чунки Алашанькоудаги "Синьбо" компанияси қувурлари юқори босимга чидамлилиги ва узоқ йилларга мўлжаллангани билан ажралиб туради.


"Синьбо" компанияси бир йилда 1 млн.тонна турли диаметрдаги нефт, газ, сув ва иссиқлик қувурларини ишлаб чиқармоқда. Маҳсулот асосан хорижий мамлакатларга, жумладан, Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Россияга экспорт қилинади. Бу қувурлар 219 см.дан 4000 см.гача диаметрли бўлиб, бюртма асосида юқори технологик линияларда тайёрланади. Пайвандлаш жараёни сунъий интеллект томонидан назорат қилинади ва сифати кафолатланган.


Алашанькоудаги "Синьбо" қувурлари Марказий Осиё газопроводи, Хитой-Россия ва Хитой–Қозоғистон трубопроводларида синовдан ўтган.

2025 йилда “Ўзтрансгаз”АЖ ва "Синьбо" компанияси ўртасида ҳамкорликни давом эттириш ҳақида янги келишувларга эришилган.
Муҳаммаджон Обидов,
Хитой, Алашанькоу шаҳри.ЎзА