English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой Эрондан Ҳурмуз бўғози орқали энергия етказиб бериш занжирига дахл қилмасликни сўради

“Bloomberg” нашри хабар беришича, Хитой Эрондан Ҳурмуз бўғози орқали амалга ошириладиган энергия етказиб бериш занжирига дахл қилмасликни сўрамоқда. Пекиннинг бу қатъий позицияси Хитой иқтисодиёти Форс кўрфази мамлакатлари энергия манбалари, хусусан Қатар газига чамбарчас боғлиқлиги билан изоҳланади. Яқин Шарқда кескинлик кучайиши оқибатида танкерлар қатнови ва Қатарда суюлтирилган газ ишлаб чиқариш жараёни қисқа муддатга тўхтаб қолган.

Вазият Саудия Арабистонидаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводига дрон орқали берилган зарбадан сўнг янада оғирлашди. Ушбу корхона ишини тўхтатиб, ходимларини эвакуация қилишга мажбур бўлди. Эрон ушбу ҳужумга алоқаси йўқлигини билдириб, айбни Исроилга юклаган бўлса-да, Теҳрондан келаётган расмий баёнотлар ҳолатни кескинлаштиряпти.

Хусусан, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони маслаҳатчиси Иброҳим Жабборий қатъий огоҳлантириш билан чиқди:

– Ҳурмуз бўғози ёпиқ. Бу йўлакдан ўтишга уринган ҳар қандай кемани ёқиб юборишга тайёрмиз. Қувурларга ҳам зарба берамиз, ҳудуддан бир томчи ҳам нефть чиқиб кетишига йўл қўймаймиз.

Айни таҳдид асносида Хитой расмийлари Теҳронни жаҳон ва Чин бозори учун стратегик аҳамиятга эга бўлган энергия йўналишларини нишонга олмасликка чақирган.

Ф. Яхшибоева, ЎзА