Хитой Бош вазири Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди
Мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян 17 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида “Янги Ўзбекистон” боғига борди. Юқори мартабали меҳмон Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёв ташаббуси билан Она Ватанимиз, мард ва жасур, тинчликсевар ва меҳнаткаш, қаҳрамон халқимиз шарафига бунёд этилган буюк обида – Мустақиллик монументи ҳақида Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цянга сўзлаб берилди.

3 минг йиллик тарихимизни ўзида акс эттирган композиция нуфузли Хитой делегациясида ёрқин таассурот қолдирди. Унда элимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, буюк аждодларимизнинг бой илмий-маърифий мероси ҳамда Ватан тараққиёти йўлидаги саъй-ҳаракатлари бадиий ифодаларда ўз аксини топган.

Хитой Бош вазирининг мамлакатимизга расмий ташрифи давом этмоқда.
Дилшод ҲАКИМОВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ(сурат),
ЎзА