Хитой билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда
Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Хитой Халқ Республикасининг Ичан шаҳрида цитрус мевалар савдоси бўйича ўтказилаётган халқаро ярмарка очилишида «ZOOM» орқали иштирок этди.
Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Хитой Халқ Республикасининг Ичан шаҳрида цитрус мевалар савдоси бўйича ўтказилаётган халқаро ярмарка очилишида «ZOOM» орқали иштирок этди.
Вилоят раҳбарининг таъкидлашича, Хитой Халқ Республикасининг турли провинциялари билан Қашқадарё вилояти ўртасида ҳар томонлама савдо иқтисодий ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
Бугунги кунда вилоятда Хитой давлати билан 25 та хорижий қўшма корхона фаолият кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, Хитой капитали иштирокида 10 та лойиҳани амалга ошириш бўйича жадал ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Аньхуэй провинциясининг “Anhui conch cement” компанияси томонидан Китоб туманида цемент ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳамда “LT Textile Internatiоnal” LLC компанияси томонидан Қарши туманида ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳалари шулар жумласидандир.
Қашқадарё вилояти иқтисодиётида аграр соҳанинг ўрни катта. Вилоятнинг қулай табиий иқлим шароити, серқуёш замини, унумдор тупроғи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан мўл ҳосил олиш ва ҳар қандай ўсимликни парваришлаш имконини беради. Шунга кўра, кейинги йилларда вилоятда мева-сабзавотчиликни, хусусан лимончиликни ривожлантиришга, етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш ва экспорт қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бугун ана шу имкониятлардан унумли фойдаланилмоқда. Республика миқёсида охирги йилларда цитрус мевалари, жумладан, лимончилик тармоғини ислоҳ қилиш, маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмини кўпайтиришга жиддий эътибор қаратилаяпти. Жорий йилда лимончилик тармоғини янада ривожлантиришга қаратилган Президент қарори қабул қилиниб, “Цитрус, субтропик ва тропик ўсимлик етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар” уюшмаси ташкил қилинди.
Ҳозирги кунда вилоятда 136 гектар лимонзорлар мавжуд бўлиб, мазкур қарор билан вилоятнинг 7 та тумани лимон етиштиришга ихтисослаштирилди ва жорий йилда ушбу туманларда 201 гектар майдонда янгидан лимонзорлар барпо қилинмоқда.
Бундан ташқари, Миришкор туманида Осиё тараққиёт банки кредит линияси ҳисобига 80 гектар майдонда лимонзор ташкил этилмоқда.
Вилоятда лимоннинг асосан, “Тошкент”, “Юбилейный” ва “Мейер” навлари етиштирилади.
– Маълумки, Ичан шаҳри цитрус мевалари етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган ҳудуд ҳисобланади. Америка ва Европа мамлакатларида лимоннинг “ичан” нави етиштирилиши ҳам ушбу ҳудудда цитрус мевалар етиштириш ва қайта ишлаш жадал ривожланганлигининг яққол исботидир, – деди З.Мирзаев. – Ушбу конференция шубҳасиз биз учун айни муддао бўлди. Вилоятнинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, нафақат лимон, шунингдек, апельсин ва мандарин ўсимликларини ҳам етиштириш мумкин. Бунинг учун Ичан шаҳри билан ҳамкорликда шунга мос навлар яратиш ҳамда лимончилик кластери ташкил этиш бўйича ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишни таклиф этаман. Хитой давлати билан яна бир соҳада ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйилишига ва бу соҳада юксак марраларга эришишимизга ишончим комил.