Хитой АҚШ ва Исроилнинг Эронга уруши бўйича муносабат билдирди (+видео)
Пекин минтақадаги кескинлик янада кучайиб кетмаслиги учун зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирмоқда, дея хабар қилди TRTканали.
Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Миср ташқи ишлар вазири Бадр Абдельати билан бўлиб ўтган суҳбатда маълум қилган. Суҳбат давомида хитойлик дипломат барча давлатлар можаро иштирокчиларини урушни тўхтатишга чақириши кераклигини таъкидлади. Унинг фикрича, тўқнашувлар давом этса, бу халқаро хавфсизлик ва минтақавий иқтисодиётга тузатиб бўлмас зарар етказиши мумкин. Хитой вазири ҳозирги инқироз оғир оқибатларга олиб келаётганини ҳам қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Пекин муаммони музокаралар орқали тинч йўл билан ҳал қилиш учун минтақадаги ҳамкорлар билан ишлашга тайёр.
Исроил ва АҚШ армияси Эронга оммавий зарбалар бера бошлаганидан бери Ван И бир қатор шошилинч дипломатик музокаралар ўтказган.
У Россия, Эрон, Франция ташқи ишлар вазирлари, шунингдек Форс кўрфази давлатларининг вакиллари билан мулоқот қилган. Шунингдек, Вашингтон ва Тель-Авивнинг ҳарбий операцияси томонлар ўртасида айнан дипломатик мулоқот давом этаётган пайтда бошланган.
Бунга жавобан Эрон Қатар, БАА ва Баҳрайндаги АҚШ ҳарбий базалари билан боғлиқ объектларга ҳужум қилган.
АҚШ ва Исроил зарбалари натижасида Эрон Олий раҳбари Али Ҳумонаий ва мамлакатнинг бир қатор юқори лавозимли амалдорлари ҳалок бўлган.
Расмий Теҳрон маълумотига кўра, ҳужумлар оқибатида аҳоли орасида ҳам қурбонлар сони кўп.
<iframe width="484" height="860" src="https://www.youtube.com/embed/z-v-8sDnTjo" title="Xitoy AQSH va Isroilning Eronga urushi bo‘yicha munosabat bildirdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Искандар Исматов (видео), ЎзА