Ҳиндистон – Марказий Осиё ҳамкорлиги ҳақида...
Муносабат
Бугунги кунда хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли, конструктив, очиқ ҳамкорлик олиб бориш ташқи сиёсатимизнинг муҳим жиҳатига айланди ва бу борада, аллақачон, яхшигина тажриба ҳам тўпланди. Айни жараёнда Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ҳар икки томон ташқи сиёсатида устувор йўналишлардан биридир.
Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди ташаббуси билан ташкил этилган, жорий йил 27 январь куни видеоанжуман шаклида ўтган “Ҳиндистон – Марказий Осиё” саммити томонлар ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқди, деб баҳолаш мумкин. Олий даражадаги учрашув кун тартибига мувофиқ, давлат раҳбарлари кўп томонлама муносабатни янада кенгайтириш, минтақавий боғлиқликни кучайтириш ҳамда тараққиётни таъминлашга эътибор қаратдилар.
Видеоанжуманда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари иштирок этди. Саммит якунида Марказий Осиё давлатлари ва Ҳиндистон ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали шерикликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим масалаларга доир умумий ёндашувлар баён қилинган “Деҳли декларацияси” қабул қилинди.
XXI аср бошидан глобал ва минтақавий даражадаги сиёсий муносабат жадаллик билан ривожланиш босқичига чиқди. Ҳар бир давлат ушбу жараёнда ўз миллий манфаати асосида фаол иштирок этишга ҳаракат қилмоқда. Шу маънода жаҳоннинг йирик мамлакатлари сирасига кирувчи Ҳиндистон ҳам ўз ташқи сиёсатини ҳар томонлама кенгайтириш ва фаоллаштиришга интилиши табиий. Бу юрт ташқи сиёсатида Европа ва Осиёни боғловчи ҳудуд мақомига эга Марказий Осиё муҳим ўрин тутади. Зеро, Ҳиндистон янги геосиёсий вазиятда минтақамиз давлатлари билан икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кучайтиришдан манфаатдор.
Сўнгги пайтда Ҳиндистон ташқи сиёсий йўналишларни ишлаб чиқишда Марказий Осиёга алоҳида урғу бермоқда. Ҳинд таҳлилчилари фикрича, бу ҳолат айни ҳудуд бой углеводород захираларига, шу билан бирга таълим ва маданият соҳаларидан тортиб, то юқори технологиялар ва амалий савдо-иқтисодий муносабатни кенгайтириш бўйича улкан салоҳиятга эга экани билан ифодаланади. Шу боис Ҳиндистонда Марказий Осиё билан савдо-иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт коридорини кенгайтиришга қизиқиш кучли.
Шунингдек, Ҳиндистон минтақа давлатлари билан қатор масалалар юзасидан, жумладан, минтақавий хавфсизлик, Афғонистондаги ҳолатни барқарорлаштириш, диний экстремизм, терроризм ва оғуфурушлик бизнесига қарши курашиш каби соҳаларда яқин алоқа ўрнатишга интилишини кўриш мумкин.
Анжуман кун тартиби масалалари орасида Афғонистондаги бугунги вазият ҳам муҳокама марказида бўлди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу давлатда тинчлик ўрнатиш, гуманитар инқирознинг олдини олиш, иқтисодий ва инфраструктуравий лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигига эътибор қаратди.
Деҳли Марказий Осиёни нафақат стратегик минтақа, балки Ҳиндистоннинг азалий қўшниси сифатида ҳам кўрмоқда.
Ушбу саммит 2019 йил илк бор Самарқандда ташқи ишлар вазирлари даражасида ташкил этилган “Марказий Осиё – Ҳиндистон” саммити олий даражага кўтарилганини англатади.
Тадбир доирасида давлат раҳбарлари минтақа мамлакатлари ва Ҳиндистон ўртасидаги алоқани янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш истиқболини муҳокама қилдилар. Давлатимиз раҳбари ушбу учрашувнинг стратегик шериклик ҳамда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга мўлжалланган янги кун тартибини шакллантириш лозимлигини таъкидлади.
Келгусида муносабатни янада яхшилаш мақсадида “Ҳиндистон – Марказий Осиё” саммитини ҳар икки йилда ўтказиш, шунингдек, ташқи ишлар, савдо, маданият вазирликлари ва хавфсизлик кенгаши котибларининг доимий учрашувларини уюштириш, ҳамкорликни кенгайтириш учун пойтахт Нью-Деҳлида Ҳиндистон – Марказий Осиё котибияти ташкил этишга келишилди.
Қабул қилинган декларацияда савдони ривожлантириш, ўзаро товар айрибошлаш кўламини кенгайтириш, мудофаа ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни, маданият ҳафталиклари ташкил этиш орқали халқларимиз ўртасидаги дўстлик риштасини янада мустаҳкамлаш бўйича кенг қамровли битимлар имзоланди.
Энергетика соҳасида кейинги ўттиз йиллик истиқболдаги ҳамкорлик кўламини белгилаб олишга йўналтирилган йўл харитаси тузилиши, Афғонистон ва Чобаҳор портидан фойдаланиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ шакллантиришга оид келишувга эришилиши муносабатларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Шунингдек, юқори даражадаги анжуманда муҳокама қилинган Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари тилидаги мавжуд умумий сўзлардан иборат луғат яратиш, ҳар йили минтақадан юз нафар ёш тадқиқотчининг Ҳиндистонга ташрифини ташкил этиш, Марказий Осиё дипломатлари учун йирик ҳинд шаҳарларида махсус курслар ўтказишга доир келишувлар маданий ва илмий ҳамкорлик ривожида янги имконият очиши аниқ.
Маълумки, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганига 30 йил тўлди. Шу муносабат билан Президентимиз томонидан Марказий Осиё мамлакатларида Ҳинд киноси ҳафталиги ва Ҳинд маданияти фестивалини ўтказиш таклифи билдирилди.
Умуман, мазкур саммит каби юқори даражада ташкил қилинаётган ҳар қандай маслаҳатлашув, учрашувлар давлат раҳбарлари Ҳиндистон ва Марказий Осиё ўртасидаги кенг қамровли, мустаҳкам шерикликка алоҳида аҳамият бераётганидан далолат.
Ҳилола Мустапова,
Тошкент давлат шарқшунослик университети
катта ўқитувчиси