Ҳиндистон “дўзахга ўхшаш жой” деган таърифга норозилик билдирди
Ҳинд расмийлари Оқ уй раҳбари Дональд Трамп томонидан тарқатилган радио дастур стенограммасида Ҳиндистон “дўзахга ўхшаш жой” сифатида тилга олингани юзасидан кескин норозилик билдирди.
Маълум қилинишича, бу фикрлар америкалик шарҳловчи Майкл Сэвиджнинг “The Savage Nation” радио дастуридаги чиқиши давомида айтилган. Трамп эса ушбу чиқиш стенограммасини ўзининг “Truth Social” ижтимоий тармоқ саҳифасида ҳеч қандай изоҳсиз эълон қилган.
Стенограммада Майкл Сэвидж АҚШда туғилган болалар фуқаролик олиши орқали кейинчалик оилаларини хориждан, жумладан Ҳиндистондан олиб келишини танқид қилиб, айнан шу давлатларни “дўзахга ўхшаш жойлар” деб атаган.
Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу баёнотларни асоссиз ва ноўрин деб баҳолади. Вазирлик вакили Рандҳир Жайсвал бу сўзлар икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик руҳига зид эканини таъкидлади.
Шунингдек, Ҳиндистоннинг мухолиф партиялари ҳам ушбу баёнотни ҳақоратли деб баҳолаб, мамлакат бош вазири Нарендра Модини бу масалани АҚШ президенти билан муҳокама қилишга чақирди. Айни пайтда Қўшма Штатларда туғилганлик асосида фуқаролик бериш тартибини чеклаш масаласи АҚШ Олий судида кўриб чиқилмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА