Ҳиндистон бозорида Ўзбекистон туризми тарғиб қилинади
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида сайёҳлик алмашинувини кенгайтириш, маданият ва креатив соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги замонавий туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш бўйича янги ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов Ҳиндистоннинг туризм ва маданият бўйича элчиси Риту Бери билан учрашиб, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболларини муҳокама қилди.

Мулоқотда туризм билан бир қаторда маданият, санъат, ҳунармандчилик, мода ва креатив иқтисодиёт соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг туристик имкониятларини Ҳиндистон бозорида кенг тарғиб қилиш масалаларига эътибор қаратилди.
Учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистон–Ҳиндистон муносабатлари стратегик аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Жумладан, 2026 йил август ойида Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида икки томонлама алоқаларни комплекс стратегик шериклик даражасига олиб чиқишга қаратилган муҳим келишувларга эришилгани қайд этилди.

Ташриф доирасида 2026–2028 йилларга мўлжалланган Туризм соҳасида ҳамкорлик дастури имзолангани ҳам алоҳида таъкидланди. Мазкур ҳужжат туризм алмашинувини кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, маданий тадбирлар ўтказиш ва янги сайёҳлик йўналишларини шакллантириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Ҳиндистон фуқаролари учун Ўзбекистонга кириш имкониятларининг кенгайиши ҳам сайёҳлик алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда. 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб белгиланган талабларга жавоб берадиган, айрим давлатларнинг амалдаги кўп марталик бизнес ёки туризм визасига эга ҳамда ўз ёки учинчи мамлакатга авиачиптасини тақдим этган Ҳиндистон фуқароларига Ўзбекистонга кирган кундан эътиборан 30 кунгача визасиз бўлиш имконияти берилди.
Авиаалоқа ҳам янги имкониятларни очмоқда. 28 сентябрдан «Centrum Air» авиакомпанияси томонидан Тошкент–Ҳайдаробод–Тошкент йўналишида мунтазам тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилди. Бу икки мамлакат ўртасида нафақат сайёҳлик, балки ишбилармонлик алоқаларини ҳам кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Янги авиақатнов муносабати билан 2–5 октябрь кунлари Ҳайдаробод туризм соҳаси вакиллари учун Ўзбекистонга танишув сафари ташкил этилди. 5 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистон–Ҳиндистон Travel & Tourism Business Forum ҳамда B2B учрашувлари ўтказилди.
Учрашувда Ҳиндистоннинг мода, дизайн ва креатив индустриядаги тажрибасидан фойдаланган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар ҳам илгари сурилди. Хусусан, Ҳиндистоннинг мода, дизайн ва ихтисослашган медиа соҳаси вакиллари иштирокида Ўзбекистонга креатив танишув сафари ташкил этиш таклиф қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги замонавий сайёҳлик имиджини шакллантиришга қаратилган медиа ва креатив лойиҳаларни амалга ошириш, нуфузли дизайнерлар, ихтисослашган оммавий ахборот воситалари, маданий платформалар ва жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатувчи шахсларни мамлакатимиз туризм салоҳиятини тарғиб қилиш жараёнларига жалб этиш муҳимлиги қайд этилди.
Учрашув якунида ҳамкорликни аниқ амалий лойиҳалар билан бойитиш бўйича келишувларга эришилди. Жумладан, Ҳиндистоннинг тўй индустриясидаги етакчи вакиллари ҳамда нуфузли экспертларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, мамлакатимизда ҳинд фильмини суратга олиш бўйича ҳамкорлик қилиш режалаштирилди.
Шунингдек, қўшма ташаббусларни тизимли амалга ошириш мақсадида алоҳида «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва имзолашга келишиб олинди.
Умуман, янги авиақатновлар, қулайлаштирилган кириш имкониятлари ва маданий-креатив лойиҳалар Ўзбекистон–Ҳиндистон туризм алоқаларини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиши мумкин. Бу эса Ҳиндистон бозорида Ўзбекистоннинг туристик брендини янада кенг танитиш ва икки мамлакат ўртасида сайёҳлар оқимини ошириш учун янги имкониятлар яратади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА