Ҳиндистон аҳолини рўйхатга ола бошлади
Ҳиндистон 1 апрелдан ўз тарихидаги энг йирик ва муҳим воқеалардан бири – умуммиллий аҳолини рўйхатга олишга киришди. Дунё бўйича энг кўп –1 миллиард 400 миллиондан кўп одам яшайдиган мамлакат илк бор тўлиқ рақамли шаклда амалга ошираётган жараёнда 3 миллиондан зиёд давлат хизматчиси ва мутахассис иштирок этмоқда. Демак, бу дунёдаги энг йирик демографик тадбир ҳисобланади. Маълумот қоғоз шаклида эмас, балки махсус рақамли тизим орқали йиғилиши натижани тезкор қайта ишлаш ва эълон қилиш имконини беради.
Рўйхатга олиш икки босқичда амалга оширилади: дастлаб уй-жой ва яшаш шароити ўрганилади, кейин ҳар бир фуқаронинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати таҳлил қилинади. БМТ маълумотига кўра, 2023 йил Ҳиндистон аҳоли сони бўйича Хитойни ортда қолдириб, дунёда биринчи ўринга чиққан. Расмий Деҳли айни ҳолатни муаммо эмас, балки демографик устунлик, деб баҳоламоқда. Яъни ёш, фаол аҳоли иқтисодий ўсиш учун муҳим ресурс сифатида кўриляпти.
Ушбу кенг кўламли жараён 2027 йил март ойига қадар давом этади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА