"Ҳиндистон адабиёти" номли монография яратилди
Тошкент давлат шарқшунослик университетида ўқув ишлари билан бир қаторда доимий равишда илмий фаолият ҳам узлуксиз давом этади.
Профессор-ўқитувчилар ўз илмий ишларини ўқув жараёни, университет илмий тадқиқот йўналиши билан боғлиқ ҳолда олиб борадилар. Хусусан, университетда кўп йиллардан бери бакалавриат йўналиши ва магистратура мутахассислиги талабаларига Ҳиндистон халқлари адабиётидан сабоқ бериб келаётган доцент Тамара Ходжаева ҳамда профессор Улфат Муҳибова яқинда кўп йиллик меҳнат самараси сифатида “Ҳиндистон адабиёти” номли монографик асар яратди. Мазкур тадқиқот Ҳиндистон элчихонаси молиявий кўмагида китоб ҳолида чоп этилди.
Монография кўп тилли Ҳиндистон халқлари, хусусан, ҳинди, урду, бенгал ва панжоб ҳамда жанубий телугу халқлари адабиёти ривожланиши жараёнига бағишланган. 35 босма табоқдан иборат ушбу қўлланма мазмунида қадимий Ҳиндистон адабий меросига оид ведалардан бошлаб, бугунги кунгача бўлган, деярли, қирқ асрлик тарих баён этилган.
Китоб муаллифлари Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий ва илмий алоқалар ривожига бутун умри давомида ҳисса қўшиб келаётган ўз соҳасининг етук мутахассисларидир. Масалан, филология фанлари номзоди Т.Ходжаева илмий изланишларининг йўналиши, асосан, Ўзбекистон ва Ҳиндистон адабий алоқалари тарихи билан боғлиқ. Олима Ҳиндистонга кўп бор сафар қилиб, мунтазам равишда турли манбалар билан танишиб, бугунги кунда икки давлат адабий алоқаларига алоқадор қадимдан то бугунги кунгача бўлган даврни ўз ичига олган монографияни ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашр эттирди.
Университетнинг Жанубий ва Жанубий-шарқий Осиё тиллари кафедраси мудири филология фанлари доктори У.Муҳибованинг илмий тадқиқот йўналиши эса Ҳиндистонда Бобурийлар даври адабиётига доир. Бу мутахассис Ҳиндистонга уюштирилган бир қанча илмий сафарлар чоғи тегишли давр адабиётини ўрганиб, докторлик диссертациясини ҳимоя қилди ва “Бобурийлар даври адабиёти” номли монография нашр эттирди. 2007 йили Америкада ўтказилган Ҳинди тили бўйича Халқаро анжуманда Ҳинди тили ва адабиёти соҳасидаги алоҳида хизматлари учун Ҳиндистон ҳукуматининг “Ҳинди тили тарғиботи учун” номли мукофоти билан тақдирланди.
Ушбу монография ўз мазмунига кўра ҳам илмий, ҳам ўқув-услубий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бакалавриат йўналиши ва магистратура мутахассислиги талабалари учун Ҳиндистон адабиёти, эроншунослар учун Ҳиндистон форсий забон адабиёти бўйича тасаввур ҳосил қилиш ҳамда индонез ва малай тиллари талабалари учун қадимий Ява адабиётини ўрганишда зарур манба бўлиб хизмат қилади.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА