Ҳилпирайвер азиз ва муқаддас байроғим
Андижон шаҳри марказидаги баландлиги 64 метр бўлган Давлат байроғи ҳилпираётган майдонда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари, ёшлар иштирок этди.
Давлат мадҳияси билан бошланган тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўз олиб, озод ва обод юртимиз, шу азиз Ватаннинг ҳар бир фуқароси учун мустақилликнинг муқаддас рамзларидан бири – Давлат байроғи нечоғли қадрли эканлигини таъкидлади.
– Мусаффо осмонимиз узра ҳилпираб турган азиз байроғимиз ҳар бир юртдошимиз учун қадрлидир, – деди вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов. – Айниқса, байроғимиз халқаро анжуманларда, спорт мусобақаларида бўй кўрсатса, қалбларимизда чексиз фахр-ифтихор туйғуси жўш уради.
Шунингдек, тадбирда давлатимиз байроғи юртдошларимиз, айниқса, ёшларимизнинг азму шижоатини, ғурурини, юртга бўлган муҳаббат ва садоқатини мустаҳкамлашга хизмат қилиши айтилди. Давлат байроғи қабул қилинган сана муносабати билан вилоятдаги барча меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида ҳам тадбирлар бўлиб ўтди.
Андижон вилояти Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаси томонидан ногиронлиги бўлган шахслар иштирокида “Муқаддасдир Ватан байроғи!” шиори остида ўтказилган байрам тадбирида давлатимиз байроғи мадҳ этилди. Санъаткорлар томонидан ижро этилган Ватан, унинг порлоқ келажаги, юртимиз байроғини мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар барчага ғурур ва ифтихор бахш этди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан ташкил этилган тадбирларда "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Андижон вилояти бўлими бошқаруви ходимлари ҳам фаол иштирок этди.
Фонди вилоят бўлими ходимлари Андижон шаҳридаги 30- умумтаълим мактабига ташриф буюриб, мактаб ўқувчиларини давлатимиз байроғи қабул қилинган сана билан муборакбод этди, байроғимизнинг юртимиз ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти хусусида суҳбат ўтказилди. Ўқувчилар томонидан давлат байроғига аталган шеърлар ўқилди, байроғимизни қадрлашга оид саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА