ХХ асрнинг энг ҳашаматли автомашиналари. Улар қандай кўринишда бўлган? (+Видео)
ХХ асрнинг энг люкс автомашиналари. Пойтахтимиздаги Политехника музейида намойишга қўйилган ана шундай автомашиналар ўтган асрнинг энг ҳашамдор машиналари ҳисобланади. Улар асосан ўз даврининг амалдорларига, юқори мартабали меҳмонларга хизмат қилган. Шунингдек, ўзига тўқ, бой инсонлар фойдаланган.
Бу ҳақда тўлиқ маълумот олиш учун музей ходимига юзланамиз.

— ЧАЙКА ГАЗ-13 — ушбу автомобиль собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида ишлаб чиқарилган ҳашаматли автомобиль ҳисобланади, — дейди Тошкент Политехника музейи экскурсоводи Маҳмуд Содиқов. — Унинг тарихига тўхталадиган бўлсак, 1940 йиллар охири — 50-йиллар бошларида ўша давр учун хос бўлган замонавий люкс автомобиль яратиш ҳаракатлари асосида ЧАЙКА ГАЗ-13нинг илк чизмалари яратилди. Илк прототиплар синовдан ўтказилгач, ЧАЙКА ГАЗ-13 автомобилини 1959 йилдан бошлаб ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Аммо ўша пайтда сотувга қўйилмаган. Чунки автомобилни ишлаб чиқаришдан асосий мақсад ҳукуматда фаолият юритувчи шахслар, вазирлар, уларнинг ўринбосарлари ҳамда хориждан келган юқори мартабали меҳмонларга хизмат қилишини таъминлаш бўлган. Ёши катталар яхши эслашади — маълум вақт давомида ушбу автомобиль тўй кортежларида ҳам фойдаланилган.
Шуни айтиш керакки, жуда камдан-кам ҳолатларда шахсий ЧАЙКА ГАЗ-13 автомобиллари мавжуд бўлган. Масалан, илк космонавт Юрий Гагарин космосга парвозидан сўнг ушбу ЧАЙКА ГАЗ-13 автомобили билан тақдирланган.

Техник хусусиятлари: автомобиль 175 от кучига эга, соатига 180 км тезликда ҳаракатланадиган бу автомобиль ўша давр учун жуда катта янгилик ҳисобланган автомат узатмалар қутиси билан жиҳозланган. Автомобиль салони жуда кенг, узунлиги 580 сантиметрдан иборат. Жами 3 минг 420 та нусхада ишлаб чиқарилган.
1970 йиллар охиридан ушбу автомобилнинг кейинги модификацияси, яъни ЧАЙКА ГАЗ-14 автомобиллари яратилган. Бу анча такомиллаштирилган вариант бўлган. Автомобиль қуввати 220 от кучига тенг двигатель билан жиҳозланган. Соатига 200 км тезликкача ҳаракатланган. Қулайликлари сифатида автомат қути билан бирга, кондиционер билан ҳам жиҳозланган. Бу автомобилни бемалол Лимузин автомобиллар категориясига киритишимиз мумкин. Чунки унинг узунлиги 610 сантиметрдан иборат. Шунинг учун ҳам автомобилнинг иккинчи ён ойнаси сал олдинроққа ўрнатилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/OlHW1BX12To" title="XX асрнинг энг ҳашаматли машиналари. Улар қандай кўринишда бўлган?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Ушбу ЧАЙКА ноёблиги билан илк ЧАЙКАдан фарқ қилади. Яъни, ушбу модель конвейерда эмас, доим қўлда йиғилган. Шу боис, бор-йўғи, 1 минг 120 та нусхада ишлаб чиқарилган. ЧАЙКА моделидаги автомобиллар 1988 йилгача ишлаб чиқарилган.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, ўша пайтларда мамлакатимизни узоқ йиллар давомида бошқарган сиёсатчи, давлат арбоби Шароф Рашидов ЧАЙКА ГАЗ-13 ва ЧАЙКА ГАЗ-14 автомобилларидан фойдаланган.
Муҳтарама Комилова, Нишон Абдувоитов (видео), ЎзА