Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди
Қарор ижроси амалда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида юртимизнинг барча ҳудудларида кенг қамровли хайрия ва саховат тадбирлари амалга оширилмоқда. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга меҳр-эътибор кўрсатишга қаратилган ишлар халқимизнинг бағрикенглик ва инсонпарварлик фазилатларини янада намоён этмоқда.

Ана шундай эзгу тадбирлар Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида ҳам юқори савияда ташкил этилди. Қурбон ҳайити арафасида юзлаб оилалар байрам шодиёнаси ва меҳр-мурувватдан баҳраманд бўлди. Хусусан, тумандаги 1890 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро, якка-ёлғиз кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан шакллантирилган озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Маҳаллаларда ўтказилган хайрия тадбирлари давомида фуқароларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларнинг муаммолари тингланди, байрам муносабати билан самимий табрик ва эзгу тилаклар йўлланди. Бу каби ташаббуслар аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига нафақат моддий, балки маънавий кўмак бериш, улар қалбида меҳр ва ишонч туйғуларини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилди.

Жумладан, тумандаги Памўза маҳалласида истиқомат қилувчи аҳоли учун ҳам меҳр-саховат тадбирлари ташкил этилди. Бугунги кунда ушбу маҳаллада 7169 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалладаги эҳтиёжманд оилалар ва ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар алоҳида эътиборга олиниб, 38 нафар фуқарога “Вақф” хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотлари тўпламлари топширилди.
Маҳалла “еттилиги” вакиллари хонадонма-хонадон юриб, аҳоли билан мулоқот қилди, уларнинг турмуш шароити билан қизиқди ҳамда байрам қувончини ҳар бир хонадонга олиб киришга ҳаракат қилди. Бу эса маҳаллаларда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлади.
Хусусан, 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган Гулмира Казакова ҳам давлат ва жамият ғамхўрлигидан четда қолмади. Унинг хонадонига ташриф буюрилиб, бир марталик озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди, ҳолидан хабар олинди. Кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик фуқароларда чексиз миннатдорлик туйғуларини уйғотиб, байрам кайфиятини янада кўтарди.
Қурбон ҳайити муносабати билан ўтказилаётган бундай хайрли тадбирлар аҳолини қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва инсонпарварлик қадриятларини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, оғир хасталик билан курашаётган болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ.
Жумладан, Ғиждувон туманининг Абдуқхолиқ Ғиждувоний маҳалласида яшовчи, туғма юрак нуқсони билан касалланган 7 ойлик Умида Бахшиллаеванинг оиласига амалий ёрдам кўрсатилди.
Хайрия тадбири доирасида қизнинг ота-онасига махсус ваучерлар топширилди. Ушбу ваучерлар асосида Умида чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилиб, малакали мутахассислар томонидан бепул жарроҳлик амалиёти билан таъминланади. Бу эса қизнинг соғлиғини тиклаш, келажакда соғлом ва бахтли ҳаёт кечириши учун муҳим имконият яратади.
Ғиждувон туманида Қурбон ҳайити муносабати билан ташкил этилган меҳр-саховат тадбирлари инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, жамиятда ўзаро меҳр-оқибат ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим амалий қадамлардан бири бўлди. Бу каби эзгу ишлар халқимиз қалбида яхшилик, саховат ва инсонпарварлик туйғуларини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири