Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Миллий гвардияси вилоят бошқармаси ҳамкорлигида “Бу қутлуғ заминда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди” мавзусида саховат тадбири ўтказилди.
Таъкидландики, бугун мамлакатимиздаги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган эҳтиёжманд оилаларда яшаётган, айниқса, ногирон ҳамда сурункали касалликлари бўлган болалар шахсан давлат раҳбарининг доимий эътиборида.
Айтиш жоизки, бугунги кунда вилоятда 1 миллион 247 минг нафардан ортиқ вояга етмаган болалар бор. Шундан, 2 минг нафардан ортиғи етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 17 январдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган “Меҳр дафтари” тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим омил бўлмоқда. Қарорга асосан вилоят ҳокимининг ҳам 2022 йил 28 январда тегишли қарори қабул қилинган ва ушбу қарор ижроси доирасида вилоят ҳокимлиги болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жорий йилнинг 1 январидан Миллий гвардия томонидан ишлаб чиқилган mehrdaftari.uz онлайн платформасида вилоят ҳокимлиги котибиятида ва 2 та шаҳар ва 14 та туманда “Меҳр дафтари” онлайн платформасига маълумотлар киритиб борилмоқда.
“Меҳр дафтари” жамғармасига ҳозирги кунда 2022 йил 1 январдан бошлаб алкоголь маҳсулотларининг (пиво ва табиий вино бундан мустасно) улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар соф тушумининг уч фоиз миқдоридаги ажратмалар ҳисобидан шакллантирилмоқда. Бугунги кунга қадар жамғармага 6,7 миллиард сўм маблағ келиб тушди.
[gallery-9978]
Жорий йилда “Меҳр дафтари”га киритилган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни платформага киритиш тартиби
ва ушбу дафтарни жорий этиш чора-тадбирларига бағишланган ўқув семинари ўтказилди ва ушбу дафтарни техник жиҳатдан кузатиш ва мувофиқлаштириш учун Миллий гвардиянинг бир нафар тренери тайёрланди.
Тест режимида ишлаб турган онлайн платформа, жорий йилнинг 1 майидан тўлиқ ишга тушди ва Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) шўьбалари томонидан васийликка, ҳомийликка олинган етим ва ота-она қармоғидан маҳрум бўлган эҳтиёжманд оилаларда яшаётган болаларнинг муаммолари ўрганилиб, 18 ёшдан 23 ёшгача бўлган
1 минг 265 нафар етим бола ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар “Меҳр дафтари” платформасига киритилди. Бу жараён вилоят ҳокимлиги котибияти томонидан қатъий назорат олинди.
Мазкур платформага киритилган болаларга ҳар бир бола учун Низом талаблари асосида базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 баробаригача маблағ ажратиш кўзда тутилган. Маълумотларга кўра, Меҳр дафтари платформасига киритилган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалардан 18 ёшдан ошган 180 нафарини уй-жойга муҳтож сифатида рўйхатга олинган. Бугунги кунда вилоятдаги етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган “Меҳр дафтари” платформасига киритилган 400 нафардан ортиқ болаларнинг орзу-истаклари, қизиқишлари, муаммолари ўрганилган, йўл хариталари ишлаб чиқилиб, туман-шаҳар ҳокимларининг қарорлари қабул қилинган.
Васийлик кенгаши қарорига асосан “Меҳр жамғармаси” маблағлари ҳисобидан беш нафар етим бола ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, сурункали касалликлари бўлган болаларнинг соғлигини тиклаш мақсадида 30 миллион сўм миқдорида маблағ болалар доимий даволаниб келаётган клиникаларга ўтказиб берилди. Ўрганилган болаларнинг 30 фоиздан кўпроғи ахборот технологияларига қизиқиши юқори эканлиги ҳамда болаларнинг келгусида ўқишни давом эттириш мақсади борлигини билдирган.
Шу боис тадбир давомида “Меҳр дафтари” платформасига киритилган 160 нафар болаларнинг ўз орзу-истакларини амалга ошириш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Меҳр дафтари” жамғармаси ҳисобидан компьютер (ноутбук), тикув машиналари, телевизор ва электропечлар тақдим этилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.