Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди!
Республика Маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилоят бўлими ташаббуси билан 13 ноябрь – Халқаро кўзи ожизлар куни муносабат билан Сариосиё туман кўзи ожизлар жамиятида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамда ҳудудий бўлинмаси вакиллари, ҳамкор ташкилотларнинг масъул ходимлари, туман кўзи ожизлар жамияти аъзолари ва ёшлар иштирок этди.
Давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари эътиборини кўзи ожизлар ҳаёт тарзини яхшилашга, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, соғлиғини тиклаши учун зарур шароитларни яратишга қаратиш ва жамиятда уларнинг фаол иштирокини ошириш мақсадига қаратилган тадбирда сўз олганлар ҳаёт синовларига матонат билан туриб бера оладиган, дунёга қалб кўзи билан боқадиган, шукроналикни шиор қилган дарёдил инсонларни халқаро миқёсида нишонланадиган байрам билан қутлади.
Байрам дастурида ёш истеъдодларнинг чиқишлари барчага кўтаринки кайфият бахш этди.
[gallery-4648]
Тадбир якунида Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан жамият кутубхонасига бадиий адабиётлар жамланмаси туҳфа этилди. Шунингдек, меҳр-мурувватга муҳтож оила фарзандларига мактаб ўқув қуроллари, қимматбаҳо совғалар топширилди.
–Дунёда 40 миллион кўзи ожиз, 124 миллион кўриш даражаси паст бўлган инсонлар бор, - дейди Республика маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилоят бўлими раҳбари Наргиза Раҳматуллаева. – Шундай тақдир эгаларига мамлакатимизда бошқалардан кам бўлмаган имкониятлар яратишга доимий эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда ҳудудларда мавжуд кўзи ожизлар кутубхоналари брайл ёзувидаги янги адабиётлар билан бойитилаётгани, китобхонлар сони ортиб бораётгани фикримиз исботидир.
Шу куни ижтимоий ҳимояга муҳтож жамият аъзоларининг ҳолидан хабар олиниб, уларга совғалар улашилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА