Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди
Халқимиз азалдан инсонийлик, саҳоватпешалик ва бағрикенглик каби олий фазилатлари билан ном қозонган. Инсон борки, унинг эзгуликка йўғрилган ҳиссиёт қўрғони – юраги уриб турар экан, кимгадир яхшиликлар илинишдан, меҳр-саҳоват кўрсатишдан чарчамайди.
3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни
3-декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Олмалиқ шаҳридаги кар ва заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган 80-махсус мактаб-интернатида Олмалиқ кон-металлургия комбинати ва шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида байрам тадбири ташкил этилди.

– Инсон қадр-қиммати баланд бўлган бу юртда ҳеч ким, айниқса болалар эътибордан четда қолмайди, – дейди комбинат бошқаруви раиси А.Хурсанов.
– Бу ерда мактаб тарбияланувчилари томонидан тайёрланган қўл меҳнати намуналарини кўриб, фарзандларимиз нақадар истеъдодли эканликларига амин бўлдим. Жамиятимизда бизнинг эътибор ва кўмагимизга муҳтож инсонлар борлиги, уларга ғамхўрлик ва ёрдам кўрсатиш, доимо қўллаб-қувватлаш кераклиги ҳар биримизнинг бурчимиз саналади.

Тадбир давомида ташкилотчилар томонидан болаларга ширинликлар тўплами, таълим муассасасига телевизор ва ошхона анжомлари совға қилинди.
Имконияти чекланган, орзу-умидлари бир олам болажонларимизнинг кўнглини олиш, уларнинг мақсад ва орзуларини рўёбга чиқариш йўлида ўтказилган тадбир кўтаринки кайфиятда якунланди.

ЎзА