Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас
Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, айниқса, эҳтиёжманд ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ўз навбатида аҳоли кайфиятини кўтариб, уларни давлат ғамхўрлигини ҳис этиб, ҳаётдан рози бўлиб яшашга ундамоқда.
“Инсон қадри учун” тамойили ижросидан келиб чиққан ҳолда Давлат активларини бошқариш агентлиги маблағлари ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида Наманган вилоятида ногиронлиги бор, жисмоний имконияти чекланган кишилар учун жами 100 та электрон юритмали ногиронлик аравачаси тарқатилмоқда.

Мазкур замонавий электрон юритмали аравачалар давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда сектор раҳбарлари иштирокида жойларда ўз эгаларига топширилмоқда. Хусусан, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Янгиқўрғон туманида имконияти чекланган етти нафар ёш билан учрашиб, уларга сўнгги русумдаги электрон юритмали ногиронлик аравачаларини топширди.
– 19 ёшли ўғлим Абдумажид оёғида ривожланган касаллик сабабли етти йилдан буён аравачага михланиб қолди. Оддий аравачани бошқаришда қийналар эди, – дейди Заркент маҳалласида яшовчи фуқаро Абдулазиз Ҳакимжонов. – Мана, ҳукуматимизнинг амалий ташаббуси билан унга ўзи юрар аравача берилди. Бундай ғамхўрликдан бошимиз осмонга етди.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА