Ҳеч ким меҳр эътибордан четда қолмайди
Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бухоро вилояти Вобкент туманида бу борада бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Туманда 239 нафар биринчи, 2 минг 536 нафар иккинчи гуруҳ ногирони рўйхатга олинган.
–Жорий йилнинг ўтган даврида 15 нафар ногиронлиги бор шахсларга Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги томонидан кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун сиҳатгоҳга йулланма берилди, – дейди Вобкент тумани тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими бошлиғи Райҳон Холиқова. – Чернобиль АЭСдаги ва Афғон уруши ногиронларига бепул йўлда юриш учун махсус талонлар берилди.
Туманда 10 нафар якка ёлғиз, 49 нафар ёлғиз кексалар рўйхатга олинган. Уларга ҳар ой 19 турдаги озиқ-овқат ва гигиеник товарлар етказиб берилади. Бепул дори-дармонлар тарқатилади. Реабилитация воситалари билан 26 нафар ногиронлиги бўлган шахслар таъминланган. Шунингдек, ногиронлиги бўлган муҳтож шахсларга 24 та ногиронлик аравачаси, 14 та эшитиш мосламаси, сенсор ҳассалар тарқатилган.
–Президентимизга раҳмат, биздек, кексаларни доимо қўллаб-қувватлаб келади, –дейди Вобкент тумани Латиф совунгар маҳалла фуқаролар йиғини Нарчоқ қишлоғида яшовчи 80 ёшли Карим бобо Рустамов. – Соғлигимни тиклаш учун менга “Бухоро” санаторийсига бепул йўлланма берилди. Энди 12 кун сиҳатгоҳда дам оламан. Биз ёши улуғ инсонлар давлатимизнинг доимий эътиборидамиз.
[gallery-7543]
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА