Ҳеч бир бола эътибордан четда эмас
Юртимизда байрам шукуҳи, шукроналик руҳи кезиб юрибди. Мамлакатимизда мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан турли хил тадбирлар, учрашувлар амалга оширилмоқда. Шундай лойиҳалардан бири Президент таълим муассасалари агентлиги, “Замин” халқаро жамоат фонди ва “Digital Generation Uzbekistan” ННТ томонидан 23-30 август кунлари “Raqamli avlod IT oromgohi” номи остида ўтказилди.
Мазкур лойиҳага биноан Тошкент шаҳридаги “SOS–Ўзбекистон болалар маҳаллалари”, 22 ва 23- сонли Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳамда эшитиш қобилияти заиф болаларга ихтисослаштирилган республикадаги барча мактаб-интернатлар ўқувчилари учун дастурий таъминот билан офлайн робототехника дарслари ташкил этилди. Тадбир пойтахтимиздаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда бўлиб ўтди.
Онлайн дарсларда эса мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 2000 нафардан ортиқ ёш web-дастурлаш, .NET дастурлаш, 2D дизайн, рақамли медиа ва маркетинг, робототехника йўналишларида тажрибали менторлардан сабоқ олди.

Бир ҳафталик ўқув- машғулотларнинг ёпилиш маросими ҳам кўтаринки кайфиятда, байрамона руҳда уюштирилди. Унда фаол иштирокчилар ва мустақиллигимизнинг 30- йиллигига бағишланган Hackathon (хакатон) мусобақалари ғолибларига қимматли совғалар топширилди.

Тадбирга, шунингдек, Президентимизнинг 2021 йил 14 май куни Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига ташрифида болалар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбатида Президент мактабида ўқиш истагини билдирган Севинч Ўроқбоева ҳам таклиф этилди.

– Бугун мен жуда ҳам хурсандман. Сабаби, Юртбошимизнинг эътибори сабабли барча ўқувчилар таълим олишни орзу қиладиган Президент мактабига қабул қилиндим. Президентимизга ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдираман,– деди кўзларида қувонч ёшлари билан Севинч Ўроқбоева.
Бу каби тадбирларнинг ташкил этилиши Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, имконияти чекланган ва меҳр-муҳаббатга муҳтож болаларга қаратилаётган эътиборнинг ёрқин далилидир. Уларнинг беғубоор табассуми, дунёларга тенг қувончи тадбир ташкилотчилари ва томошабинларда катта қизиқиш уйғотиб, тадбир байрам тантаналарига уланиб кетди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА