Ҳеч бир бола бетоб бўлмасин
15 февраль – Халқаро болалар саратони касаллигига қарши курашиш куни
Болалар миллий тиббиёт марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан 15 февраль – Халқаро болалар саратони касаллигига қарши курашиш кунига бағишланган анжуман ўтказилди.
Унда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, “Ezgu аmal” ва “Zamin” фонди вакиллари, мамлакатимиздаги тегишли ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари шифокорлари, вазирлик масъул ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова мамлакатимизда болалар гематология ва онкологияси соҳасидаги ислоҳотлар жадал давом этаётганини таъкидлади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 27 августдаги “2020-2022 йилларда болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янги босқичга кўтаришга йўналтирилган чора-тадбирлар режаси”га асосан, барча ҳудудлардаги болалар кўп тармоқли марказларида ягона умумлаштирилган бўлимлар фаолиятининг ташкил этилиши, “Болалар гематология ва онкологияси” йуналишида магистратура, ихтисослашиш ва малака ошириш курслари дастури асосида кадрлар тайёрланиши борасидаги ишлар жадал олиб борилмоқда.
Мутасаддиларнинг сўзларига кўра, дастлаб бу ишлар Болалар миллий тиббиёт марказида халқаро стандартлар асосида бошланди. Яқин истиқболда ушбу марказ тажрибаси ҳудудлардаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида ҳам жорий этилади. Болаларга гемато-онкологик ёрдам бериш сифатини жаҳон андозалари даражасига чиқариш юзасидан ҳудудлардаги ҳолатни ўрганиш бўйича мониторинг гуруҳи ва саволнома шакллантирилиб, гуруҳлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш натижалари таҳлил этилган ҳолда “Республикада болалар гематология ва онкологияси хизматини ривожлантириш ва бу соҳада тиббий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Шунингдек, анжуманда Россия Федерациясида болалар гемато-онкология хизматининг ривожланиши тўғрисида Рогачев номидаги болалар гематология, онкология ва иммунологияси миллий тиббий тадқиқот маркази президенти, Россия Федерацияси Фанлар академияси академиги Александр Румянцевнинг видео чиқиши ҳам иштирокчиларга намойиш этилди.
Тадбирда Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Барно Абдусаматованинг “Республикада болалар гематология ва онкологияси хизматини ривожлантириш ва бу соҳада тиббий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштиришга оид “Йўл харитаси” бўйича тақдимоти ўтказилди.
М. Қосимова, ЎзА